Шавкат Мирзиёев бугун, 17 январь куни мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш, ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.
2019 йилда мамлакатда 271 та ихтисослаштирилган мактаб бор эди. Президентнинг аниқ фанлар ва хорижий тилларни ўргатишга оид ташаббуслари, қабул қилган қарорлари натижасида, математика ва физика фанлари бўйича 126 та, кимё-биология бўйича 87 та, ахборот технологиялари йўналишида 99 та, хорижий тиллар бўйича 207 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил топди.
Шу тариқа халқ таълими тизимидаги бундай мактаблар сони 790 тага етди. Уларнинг 135 таси тўлиқ ихтисослаштирилган ва ётоқхонаси мавжуд. Қолган 655 та мактабда атиги 25 фоиз синфларда у ёки бу фан чуқур ўргатилади. Улардаги таълим дастури, ўқитиш методикаси, фан тўгараклари оддий мактаблардан деярли фарқ қилмайди. Мисол учун, математика ёки чет тилига ихтисослашган синфларда 2 соат кўпроқ махсус фан ўтилади, холос.
"Бир нарсани чуқур тушуниб олишимиз керак: иқтисодиётимизга жуда катта марра олганмиз. Бу йил экспортимизни 14 миллиард долларга чиқармоқчимиз. 2025 йилга қадар мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотини 100 миллиард долларга, экспорт ҳажмини 30 миллиард долларга етказишни режа қилганмиз. Буни ким қилади? Билимли кадрлар!", – дея таъкидлади президент.
Ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилиши белгиланди.
"Бу Агентликни фақат 14 та мактаб учун тузганимиз йўқ. У Президент мактабларидаги муҳитни, методикани бошқа мактабларга ҳам олиб кириши керак", – деди Шавкат Мирзиёев.
Шунинг учун янги ўқув йилидан бошлаб, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида иккитадан, туман ва шаҳарларда биттадан мактаб танлаб олиниб, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказиладиган бўлди. Бунда ўша ҳудудда ривожланган тармоқлар, азалдан кучли ўқитилган фанларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. Шу мақсадда ишчи гуруҳ тузиб, ҳудудлардаги шароитларни ўрганиш, танланган мактабларни янги стандартлар асосида ўқув йилига тайёрлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Ихтисослаштирилган мактабларга қабул тартиби, ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолаш тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш кераклиги айтилди.
Давлат раҳбари мактабларда хорижий тилларни ўқитиш сифати пастлигини кескин танқид қилди.
"Ривожланган мамлакатларда олийгоҳда тил ўргатмайди. Чунки талабалар ёшлигиданоқ иккита тилни билади. Биз 1-синфдан 11-синфгача чет тилини ўргатамиз. Лекин мактабни битирган болаларнинг неча фоизи шу тилда гаплаша олади?! Бунга давлатнинг қанча пули кетаяпти! Қани натижадорлик", – дея савол қўйди президент.
Мутасаддиларга йиғилишда муҳокама қилинган масалалар ижроси бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш вазифаси қўйилди.