«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбири доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари пойтахтда Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари фуқаролари томонидан ноқонуний ташкил этилган иккита колл-марказ фаолиятини фош этди.
Тезкор тадбирда жами 122 нафар хориж фуқароси аниқланди. Улардан 18,5 минг АҚШ доллари, 116,5 млн сўм, 67 та ноутбук, 569 та мобиль телефон, 6 та Wi-Fi қурилмаси, 3 та сунъий йўлдош алоқа қурилмаси, 5 та компьютер, 3 та планшет ва хорижий мобиль операторларга тегишли 1000 дан ортиқ SIM-карта ашёвий далил сифатида олинди.
Маълум қилинишича, мазкур шахслар Европа ва Шарқий Осиё мамлакатларида оммалашган онлайн-платформалар орқали фирибгарлик схемаларини амалга ошириш, шунингдек, вирусли ҳаволалар юбориш орқали хорижий давлатлар фуқароларининг пул маблағларини ўзлаштириш билан шуғулланган.
Бундан ташқари, улар томонидан 64 895 USDT миқдоридаги криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси амалга оширилгани ҳам аниқланган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ