Вазирлар Маҳкамасининг «Коррупциявий жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестри тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ҳужжатга мувофиқ, электрон реестр «Рақамли комплаенс» ахборот тизимида юритилади. Унинг шакллантирилиши Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ички ишлар вазирлиги зиммасига юкланади.
Реестрга коррупциявий жиноятлар учун судланган шахслар ҳақидаги маълумотлар киритилади. Ушбу маълумотлар суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми ёки тегишли ажрими асосида шакллантирилади. ИИВ суд қарори кучга кирганидан кейин уч иш куни ичида маълумотларни электрон реестрга тақдим этиши керак бўлади.
Реестрда шахснинг Ф.И.Ш., туғилган санаси, ЖШШИРи, суд қарори, жиноят содир этилган вақтдаги иш жойи ва лавозими, тайинланган жазо ҳамда судланганлик ҳолатининг тугалланиш санаси каби маълумотлар сақланади.
Давлат хизматига ишга қабул қилиш автоматик текширилади
Лойиҳага кўра, 2027 йил июнига қадар электрон реестр «Ягона миллий меҳнат тизими» билан интеграция қилинади.
Давлат хизматига ишга қабул қилишда электрон меҳнат шартномаси расмийлаштирилишидан олдин номзоднинг реестрда бор-йўқлиги автоматик текширилади. Агар унга нисбатан қонунчиликда белгиланган чеклов мавжуд бўлса, меҳнат шартномасини расмийлаштириш блокланади. Иш берувчига бунинг сабаби ва ҳуқуқий асоси ҳақида хабар юборилади.
Шунингдек, 2027 йил апрелига қадар реестрни hrm.gov.uz ва vacancy.gov.uz платформалари билан интеграция қилиш режалаштирилган.
Давлат харидлари иштирокчилари ҳам текширилади
2027 йил августга қадар электрон реестрни давлат харидлари махсус ахборот порталига интеграция қилиш кўзда тутилган.
Бунда давлат харидларида иштирок этаётган компанияларнинг таъсисчилари ва улуш эгалари ҳақидаги маълумотлар реестрдаги маълумотлар билан солиштирилади. Қонунда белгиланган чекловларга асос мавжуд бўлса, тегишли қарорни расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.
Фуқаролар реестрдан бепул маълумот олиши мумкин
Лойиҳада фуқароларга электрон реестрда мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотнома бериш давлат хизматини жорий этиш ҳам назарда тутилган.
Маълумотномани Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бепул олиш мумкин бўлади. Хизмат уч иш куни ичида кўрсатилади.
Шахслар қайси ҳолларда реестрдан чиқарилади?
Фуқаро ҳақидаги маълумотлар судланганлик ҳолати тугаллангунига қадар реестрда сақланади. Судланганликнинг олиб ташланиши ёки тугалланиши, оқлов ҳукмининг кучга кириши, айблов ҳукмининг бекор қилиниши, жиноятнинг коррупциявий жиноятлар тоифасидан чиқарилиши ҳамда шахснинг вафот этиши реестрдан чиқариш учун асос бўлади.
Шахс реестрдан чиқарилгандан кейин унга нисбатан ушбу реестрга киритилгани билан боғлиқ чекловлар ҳам бекор қилинади.
Реестр қачон ишга тушади?
Қарор лойиҳаси қабул қилинганидан кейин Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ИИВ ва Рақамли технологиялар вазирлиги бир ой ичида электрон реестрни ишга тушириши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Ўзбекистонда коррупциявий жиноятлар учун судланган шахслар реестрини юритиш бўйича лойиҳа тайёрланган эди. Унда давлат хизматига кириш, айрим лавозимларни эгаллаш, давлат харидлари ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этишга чекловлар назарда тутилган.
Янги лойиҳада эса реестрни шакллантириш, идоралар ўртасида маълумот алмашиш ва чекловларни давлат ахборот тизимлари орқали автоматик қўллаш тартиби батафсил белгиланган.
Изоҳ