«Коррупциявий жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестри тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ҳужжатга кўра, электрон реестр «Рақамли комплаенс» ахборот мажмуасида юритилади. Унинг ишлаши учун Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда масъул бўлади.
Реестр коррупциявий жиноятлар учун судланган фуқароларни ҳисобга олиш билан бирга, ишга жойлашиш ва давлат харидларида иштирок этишда қонунчиликда белгиланган чекловларни автоматик қўллаш имконини беради.
Кимлар реестрга киритилади?
Фуқарони электрон реестрга киритиш учун унга нисбатан айблов ҳукми ёки суднинг тегишли ажрими қонуний кучга кирган бўлиши керак.
Маълумотлар ИИВнинг «Махсус ҳисоб маълумотлари» ахборот тизимидан «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро платформаси орқали келиб тушади.
Ички ишлар вазирлиги суд қарори қонуний кучга кирганидан кейин уч иш куни ичида маълумотларни тақдим этиши лозим.
Электрон реестрда қуйидаги маълумотлар сақланади:
· судланган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва ЖШШИРи;
· суд қарори, жумладан, суд номи ва қарор қонуний кучга кирган сана;
· шахс айбдор деб топилган Жиноят кодексининг моддаси, қисми ва банди, шунингдек, жиноят содир этилган сана ва жой;
· агар мавжуд бўлса, жиноят содир этилган вақтдаги иш жойи ва лавозими;
· тайинланган асосий ва қўшимча жазо тури ҳамда муддати;
· жазони ўтаб бўлган ёки ундан озод қилинган сана;
· судланганлик ҳолати тугалланган сана;
· маълумотларга киритилган ўзгартишлар ва шахсни реестрдан чиқариш ҳақидаги маълумотлар.
Агар фуқаро бир нечта коррупциявий жиноят учун судланган бўлса, уларнинг ҳар бири бўйича маълумот алоҳида қайд этилади.
Чекловлар қандай қўлланилади?
Лойиҳада чекловларни қўллашнинг икки механизми назарда тутилган: давлат ахборот тизимлари орқали автоматик тарзда ҳамда ваколатли органлар ёки мансабдор шахслар томонидан бевосита қарор қабул қилиш орқали.
Биринчи ҳолатда чеклов татбиқ этиладиган қарор қабул қилинишидан олдин тизим шахснинг реестрда бор-йўқлигини текширади. Агар қонунчиликда белгиланган асослар аниқланса, тегишли қарорни расмийлаштириш автоматик равишда блокланади.
Давлат хизматига ишга қабул қилиш автоматик текширилади
Асосий янгиликлардан бири электрон реестрни ишга жойлаштиришга оид давлат ахборот тизимлари билан интеграция қилишдир.
Хусусан, 2027 йил июнига қадар «Ягона миллий меҳнат тизими» ахборот мажмуаси билан маълумот алмашинувини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Давлат хизматига ишга қабул қилиш бўйича электрон меҳнат шартномаси расмийлаштирилишидан олдин тизим номзоднинг реестрда мавжудлигини автоматик текширади.
Агар шахсга нисбатан қонунчиликда белгиланган чеклов амал қилаётган бўлса, меҳнат шартномасини расмийлаштириш блокланади. Иш берувчига бунинг сабаби ва ҳуқуқий асоси кўрсатилган хабарнома юборилади.
Бундан ташқари, 2027 йил апрелига қадар электрон реестрни номзодларни саралаш ва давлат фуқаролик хизматига қабул қилишда фойдаланиладиган hrm.gov.uz ҳамда vacancy.gov.uz платформалари билан интеграция қилиш кўзда тутилган.
Чеклов аниқланган тақдирда, тизим қонунчиликка зид бўлган ишга қабул қилиш қарорини расмийлаштиришга йўл қўймайди. Блоклаш сабабини номзод ва кадрлар бўлими кўриши мумкин бўлади.
Давлат харидлари иштирокчилари ҳам текширилади
2027 йил август ойига қадар электрон реестрни давлат харидларининг махсус ахборот портали билан интеграция қилиш режалаштирилган.
Тизим давлат харидларида иштирок этаётган компанияларнинг таъсисчилари ва улуш эгаларини расмий маълумотлар асосида текширади ҳамда уларни электрон реестрдаги маълумотлар билан солиштиради.
Қонунда белгиланган асослар мавжуд бўлганда, портал орқали тегишли чеклов қайд этилади. Бунда чекловни қўллаш сабаби ва ҳуқуқий асоси ҳам кўрсатилади.
Фуқаролар маълумотномани бепул олиши мумкин
Лойиҳада фуқаронинг электрон реестрда бор ёки йўқлиги ҳақида маълумотнома, шунингдек, унга тегишли маълумотлардан кўчирма бериш бўйича янги давлат хизматини жорий этиш назарда тутилган.
Ҳужжатларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш мумкин бўлади.
Хизмат уч иш куни ичида бепул кўрсатилади.
Қачон реестрдан чиқарилади?
Лойиҳага мувофиқ, фуқаро ҳақидаги маълумотлар реестрда Жиноят кодексида белгиланган судланганлик муддати давомида сақланади.
Шахсни реестрдан чиқариш учун қуйидагилар асос бўлади:
· коррупциявий жиноят учун судланганлик ҳолатининг тугалланиши ёки олиб ташланиши;
· оқлов ҳукмининг қонуний кучга кириши;
· айблов ҳукмининг бекор қилиниши ва жиноят ишининг тугатилиши;
· ишни янгидан кўриб чиқиш учун юбориш билан айблов ҳукмининг бекор қилиниши;
· айблов ҳукмидан коррупциявий жиноятнинг чиқариб ташланиши;
· қилмишнинг коррупциявий жиноят ҳисобланмайдиган бошқа жиноятга қайта квалификация қилиниши;
· қилмишнинг жиноийлигини бекор қилувчи ёки уни коррупциявий жиноятлар тоифасидан чиқарувчи қонуннинг кучга кириши;
· фуқаронинг вафот этиши ёки суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши;
· шахснинг қонуний асосларсиз реестрга нотўғри киритилгани аниқланиши.
Агар фуқаро бир нечта коррупциявий жиноят учун судланган бўлса, у фақат барча жиноятлар бўйича маълумотларни сақлаш асослари бекор қилинганидан кейин реестрдан чиқарилиши мумкин.
Шахсни реестрда сақлаш учун қонуний асослар бекор қилингач, унинг реестрга киритилгани билан боғлиқ чекловлар ҳам амал қилишдан тўхтайди.
Реестр қачон ишга тушади?
Қарор лойиҳасига кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги ҳужжат қабул қилинганидан кейин бир ой ичида электрон реестрни ишга туширишни таъминлаши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда коррупциявий жиноятлар учун судланган шахслар реестрини юритиш бўйича ҳам лойиҳа ишлаб чиқилганди. Унда давлат хизматига кириш, айрим лавозимларни эгаллаш, давлат харидлари ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этишга чекловлар қўйиш таклиф этилган.
Янги лойиҳада эса реестрни шакллантириш, идоралар ўртасида маълумот алмашиш ва қонунчиликда белгиланган чекловларни қўллаш тартиби, жумладан, давлат ахборот тизимлари орқали автоматик блоклаш механизмлари батафсил белгиланмоқда.
Изоҳ