• 12 004 сўм
    32.84
  • 13 156 сўм
    -4.71
  • 147 сўм
    0.23
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 12 004 сўм
    32.84
  • 13 156 сўм
    -4.71
  • 147 сўм
    0.23
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 09:54

Ўзбекистонда янги алифбога ўтиш: харажатларни ким қоплайди ва нималар ўзгаради?

Ўзбекистонда янгиланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич ўтиш режаси тақдим этилди. Ўзгаришлар дарсликлар, расмий ҳужжатлар, банк тизимлари, веб-сайтлар, пешлавҳалар ва товар қадоқларига тааллуқли бўлади. Харажатларни бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаш, тадбиркорлар учун эса ўтиш даврини белгилаш таклиф этилмоқда. Аввал берилган ҳужжатлар ўз юридик кучини сақлаб қолади.

35
0
CИ / uznews.uz

Тегишли қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилди. Ҳужжат 2026 йил 21 октябрда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Эски ҳужжатларни алмаштириш талаб этилмайди

Лойиҳага кўра, аввал берилган ҳужжатларни янгисига алмаштириш шарт бўлмайди. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, мулк ҳуқуқи гувоҳномалари ва бошқа расмий қоғозларда ҳарфлар эски шаклда ёзилган бўлса, уларни фақат шу сабабли қайта расмийлаштириш талаб қилинмайди.

Шунингдек, фуқаронинг исми эски ёки янги алифбода ёзилгани сабабли унинг шахсини аниқлаш, ҳужжатларини қабул қилиш ёки давлат хизматларини кўрсатишни рад этиш мумкин бўлмайди.

Қайси ҳужжатлар ва қачон янгиланади?

Қонун кучга кирганидан кейин ID-карталар, хорижга чиқиш паспортлари, ҳайдовчилик гувоҳномалари, автомобиль техпаспортлари ва кадастр ҳужжатларини янги алифбода расмийлаштириш таклиф этилмоқда. Бироқ бундай ҳужжатларнинг эски бланкларидан 2028 йил 1 январга қадар фойдаланишга рухсат берилади.

Давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимларининг хизмат гувоҳномалари эса амалдаги меъёрий ҳужжатларда белгиланган муддатларда, янги ёзув қоидалари асосида алмаштирилади.

Қонун кучга киргунига қадар давлат органлари ва ташкилотларига иш юритишни янги алифбода олиб боришга олдиндан киришиш таклиф этилмоқда. Қонун кучга киргач, расмий ҳужжатлар, ёзишмалар ва ахборот материаллари янги графикада расмийлаштирилиши керак бўлади.

Хорижий шахслар ва жой номлари, товар белгилари, тарихий ҳужжатлардан иқтибослар, архив материаллари ҳамда бошқа тиллардаги матнларни асл ёзувида сақлаш мумкин бўлади.

Домен номлари, электрон почта манзиллари, логинлар, ҳисобварақлар ва шартнома рақамлари каби техник идентификаторларни ўзгартириш талаб этилмайди.

Мактаблар ва таълим муассасаларида нима ўзгаради?

Вазирликлар ва таълим муассасаларига янги алифбо ҳамда имло қоидаларига ўтиш бўйича умумий режа ишлаб чиқиш топширилиши таклиф қилинган.

1–11-синфлар учун дарсликлар ва ўқув-методик материаллар уларни одатий қайта нашр этиш муддатларини ҳисобга олган ҳолда босқичма-босқич янгиланади. Биринчи синф дарсликларини 2027/2028 ўқув йилида жорий этиш, умумий ўтиш жараёнини эса 2027–2031 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.

Ўқитувчилар учун махсус ўқув модуллари, семинарлар, вебинарлар ва малака ошириш курслари ташкил этилади. Мактабгача таълим муассасалари учун расмли алифболар, плакатлар, ҳарфлар тўплами, аудиоэртаклар ва қисқа мультфильмлар тайёрланади.

Шунингдек, болалар учун «Алифбо бўйлаб саёҳат» номли ўйин иловаси ва «Сеҳрли ҳарфлар саргузаштлари» мультсериалини яратиш таклиф этилган.

5–11-синф ўқувчилари учун имло саводхонлигини баҳолашда вақтинчалик енгилликлар жорий этилиши мумкин. 2028 йил 1 августга қадар якуний аттестация ва кириш имтиҳонларида ҳам махсус баҳолаш методикасини қўллаш режалаштирилган.

Катталар учун ҳам маҳаллалар, таълим муассасалари ва ижтимоий объектларда машғулотлар ташкил этиш, содда қўлланмалар ва кўргазмали материаллар тарқатиш кўзда тутилган.

ОАВ, сайтлар ва рақамли хизматлар

Қонун кучга кирганидан кейин оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар материалларни янги алифбода тайёрлаши ва чоп этиши керак бўлади.

Телеканаллар, газета-журналлар ва веб-сайтларнинг дастурий таъминоти мослаштирилади, таҳририят ва техник ходимлар янги қоидалар бўйича ўқитилади.

Электрон журналлар ва кундаликлар, таълим платформалари, электрон ҳужжат айланиши, давлат базалари ва ахборот тизимларини ҳам янги графикага ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, турли операцион тизимлар ва қурилмалар, жумладан клавиатуралар ҳамда матн муҳаррирлари учун ўзбек алифбосининг ягона рақамли стандартини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда.

Банк ва молия тизимлари, солиқ ва божхона хизматлари, мобил иловалар, банкоматлар ва тўлов терминаллари ҳам янги ёзувга мослаштирилади. Савдо платформаларида товар номлари, тавсифлари ва хизматлар ҳақидаги маълумотлар ҳам янги алифбода акс эттирилиши керак бўлади.

Биометрик ҳужжатларда исмларнинг машинада ўқиладиган қисмидаги транслитерация қоидаларини ҳам ICAO халқаро стандарти талабларига мувофиқ қайта кўриб чиқиш режалаштирилган.

Қадоқлар, пешлавҳалар ва транспортдаги ўзгаришлар

Тадбиркорлар учун товарларни маркировкалашда ўтиш даври белгиланиши таклиф этилмоқда.

2027 йил 22 апрелдан 2028 йил 22 апрелга қадар маҳсулот қадоқлари ва ёрлиқларида эски ҳамда янгиланган алифбодан фойдаланишга рухсат берилади. Бу даврда тадбиркорлар дизайн ва босма қолипларни босқичма-босқич янгилаши мумкин.

2028 йил 22 апрелдан бошлаб қадоқ ва ёрлиқларни чоп этиш бўйича янги буюртмалар янги алифбода бажарилиши керак бўлади.

Эски қоидалар асосида чоп этилган қадоқлардан 2029 йил 22 апрелга қадар фойдаланишга рухсат берилади. Аллақачон маркировкаланган товарларни эса яроқлилик муддати тугагунига қадар сотиш мумкин бўлади.

Давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари пешлавҳалари ҳамда ахборот ёзувлари қонун кучга кирганидан кейин янгиланади.

Савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, шунингдек, транспорт воситаларидаги ёзувларни 2027 йилдан бошлаб босқичма-босқич алмаштириш режалаштирилган.

Аэропортлар, вокзаллар ва бошқа жамоат жойларидаги ёзувлар, автобус ва метро маълумотлари, бекатлар ва йўналишлар номлари, йўл кўрсаткичлари ҳамда электрон таблолар ҳам янгиланиши керак бўлади.

Харажатларни ким қоплайди?

Давлат органлари, ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимликлар қарор қабул қилинганидан кейин бир ой ичида ўтиш бўйича ўз режаларини ишлаб чиқиши керак. Уларда амалга ошириш муддатлари, масъул ижрочилар ва молиялаштириш манбалари кўрсатилиши лозим.

Қарорни амалга ошириш билан боғлиқ 2027 йилги харажатларни тегишли идораларга республика бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида қоплаш таклиф этилмоқда.

2028 йилдан бошлаб эса бу харажатларни давлат бюджети параметрларида назарда тутиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, янгиланган ўзбек алифбоси 28 та ҳарф ва апостроф белгисидан иборат. Унда тўртта ҳарф бирикмаси ўзгартирилмоқда: O‘ o‘ — Ö ö, G‘ g‘ — Ğ ğ, Sh sh — Ş ş, Ch ch — Ç ç.

35
0

Изоҳ