Янги Тошкентда ўз ҳокимлиги пайдо бўлади, унинг раҳбарини Ўзбекистон Президенти лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади.
Янги бошқарув органи тегишли маъмурий-ҳудудий бирлик расман ташкил этилишидан олдин ҳам иш бошлайди. Бу Президентнинг 10 ноябрдаги фармонида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, ҳокимлик махсус ҳуқуқий режим доирасида Янги Тошкент ҳудудини бошқаришни ташкил этиш, аҳолига, шунингдек ижтимоий ва инфратузилма объектларига хизмат кўрсатиш учун тузилади.
Фармон билан ҳокимлик бошқарув аппаратининг намунавий тузилмаси ҳамда Янги Тошкентда фаолият юритадиган давлат органлари ва ташкилотлари бўлинмаларининг штат бирликлари сони ҳам тасдиқланади.
Бир ой давомида Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Янги Тошкентда ўз тузилмаларини ташкил этиши керак.
Шу билан бирга, Янги Тошкент ҳокимлиги ва давлат органлари бўлинмалари илгари Тошкент вилояти ва унинг туманларидаги тегишли органларнинг ваколатига кирган масалалар бўйича қарорларни мустақил қабул қилиш ҳуқуқини олади. Бу ваколатлар дирекцияга доимий фойдаланишга берилган ҳудудларга тарқалади.
Бундан ташқари, янги бошқарув органлари зиммасига юкланган вазифаларни мустақил бажара олади.
Янги Тошкент ҳокимлигини, шунингдек қонунчиликка кўра маҳаллий бюджетдан молиялаштирилиши лозим бўлган давлат органлари ва ташкилотларини сақлаш харажатлари Ўзбекистон республика бюджети ҳисобидан қопланади.
Изоҳ