Тошкент халқаро аэропортида 11 ноябрдан мобиль қурилмаларни божхона расмийлаштируви қайта тикланди. Бу ҳақда Контент тайёрлаш марказида ўтказилган матбуот анжуманида Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 11 ноябрь куни куннинг биринчи ярмида Божхона қўмитаси ва UzIMEI маркази вакиллари аэропортда музокара ўтказган. Унда UzIMEI мутахассисларининг аэропортда доимий ишлашини таъминлашга келишилган.
Мутахассислар зарур ҳолларда божхона ходимларига мобиль қурилмаларнинг IMEI-кодларини чуқурлаштирилган тартибда текширишда ёрдам беради.
Ҳусан Тангриев вақтинчалик чекловлар бекор қилингани ва телефонларни божхона расмийлаштируви одатий тартибда давом этаётганини таъкидлади. Шунингдек, аввал вақтинча сақловга жойлаштирилган бир неча юзта мобиль қурилма йўловчиларга қайтарила бошланган.
Матбуот анжуманида ижтимоий тармоқларда тарқалган йўловчиларнинг телефонлари 30 кунгача экспертиза учун олиб қўйилаётгани ва расмийлаштиришни тезлаштириш учун қўшимча ҳақ талаб қилинаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам изоҳланди. Ҳусан Тангриев бу маълумотларни қатъиян рад этиб, бундай чоралар ҳатто муҳокама қилинмаганини билдирди.
Ўз навбатида, Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов сўнгги вақтларда мобиль қурилмаларни ноқонуний олиб киришнинг янги схемалари кўпайганини айтди.
Унинг таъкидлашича, айрим схемалар шу қадар мураккаблашганки, уларни божхона органларининг мавжуд ахборот тизимлари ва ускуналари орқали аниқлаш имкони қолмаган. Шу сабабли қўшимча мутахассисларни жалб қилиш зарурати юзага келган.
Олимжоновнинг қайд этишича, аввал божхона органлари амалдаги ахборот тизимлари ёрдамида аниқлаш мумкин бўлган ноқонуний схемаларнинг қарийб 90 фоизини фош этган. Бу эса расмий импорт улушининг ошишига хизмат қилган.
Шу билан бирга, тадбиркорларнинг фаолияти тўхтатилмаган. Компаниялар товарларни автомобиль транспортида олиб кириш, божхона декларацияларини топшириш ва белгиланган тартибда расмийлаштиришни давом эттирган.
Вақтинчалик чоралар фақат Тошкент халқаро аэропортида юқори хавф даражасига эга деб баҳоланган мобиль қурилмаларга нисбатан қўлланилган. Бундай телефонлар қўшимча текширув ўтказиш учун вақтинча сақловга жойлаштирилган.
Қўмита вакили мутахассислар IMEI-кодларни тегишли ахборот тизими орқали текширишини тушунтирди. Бунда идентификаторлар аввал мобиль тармоқда рўйхатдан ўтказилган-ўтказилмагани, иккита IMEI-код битта қурилмага ёки турли телефонларга тегишли экани, шунингдек, уларни қалбакилаштириш аломатлари бор-йўқлиги аниқланади.
Унинг сўзларига кўра, мутахассислар жалб қилингани натижасида бундай қурилмаларни божхона расмийлаштируви ҳам тезлашган.
Аввалроқ Тошкент аэропорти орқали хориждан олиб келинаётган телефонларни божхона расмийлаштируви вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берган эдик. Божхона қўмитаси буни IMEI-кодларни текшириш тартибини аниқлаштириш ва қурилмаларнинг қонуний олиб кирилганини тасдиқлаш зарурати билан изоҳлаган эди.
Изоҳ