Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўп квартирали уйлар қурилиши соҳасини тартибга солиш ва муаммоли объектларни тан олиш тартибини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилиб, Сенатга юборди.
Ҳужжатда улуш киритиш асосида қурилаётган уй-жойлар бўйича фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор янги механизмлар назарда тутилган.
Хусусан, фуқароларнинг қурилишга киритган маблағлари қурувчининг бевосита тасарруфида бўлмайди. Пуллар банкда очилган эскроу ҳисобварағида сақланади ва қурилиш белгиланган талабларга мувофиқ якунланиб, объект фойдаланишга топширилганидан кейингина девелоперга ўтказилади.
Қурувчилар аҳолидан маблағ жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлиши учун қонунда белгиланган талабларга жавоб бериши, Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтиши, ваколатли банк билан бош келишув тузиши ва лойиҳа декларациясини эълон қилиши керак бўлади.
Шунингдек, улуш киритиш шартномалари нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт. Бу бир хонадонни бир неча кишига сотиш ёки ноқонуний шартномалар тузиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.
Агар қурувчи қонун талабларини бузган ҳолда фуқаролардан пул жалб қилса, дольщик маблағларини қайтаришни ва улардан фойдаланганлик учун фоиз тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Қонун лойиҳасида қурилиш муддатларига риоя этилишини таъминлаш механизмлари ҳам белгиланган. Зарур ҳолларда ваколатли банк ёки қурувчини алмаштириш, қурилишни узлуксиз молиялаштириш имкониятлари яратилади.
Муаммоли қурилиш объектларига оид талаблар ҳам ўзгаради. Жумладан, уйни топшириш муддати бузилганда объектни муаммоли деб тан олиш учун яна олти ой кутиш талаб этилмайди. Шунингдек, қурувчи аниқланган камчиликларни бартараф этмасдан, фақат компенсация тўлаш орқали объектни муаммоли объектлар реестридан чиқара олмайди.
Бундан ташқари, шартномага киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам нотариал тасдиқланиши белгиланмоқда. Бу дольщиклар билан расмийлаштирилмаган қўшимча келишувлар орқали шартлар ўзгартирилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Қурилиш объектлари, қурувчилар ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳақидаги маълумотлар Ягона ахборот тизимида жойлаштирилади. Бу фуқароларга уй-жой сотиб олишдан олдин лойиҳа ва унинг бориши ҳақида очиқ маълумот олиш имконини беради.
Қонун лойиҳасининг амал қилиши у кучга кирганидан кейин қурилишга рухсатнома олинган объектларга татбиқ этилади.
Эслатиб ўтамиз, Президент фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб улушдорлар маблағларини жалб қилиш фақат эскроу ҳисобварақлари орқали амалга оширилиши белгиланган. Мазкур қонун лойиҳаси эса бу соҳадаги ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ҳужжат Қонунчилик палатасида учинчи ўқишда қабул қилинган ва Сенатга юборилган. Демак, у ҳали қонун сифатида кучга кирмаган.
Изоҳ