Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида хориждан олиб келинган, фойдаланишга яроқсиз иситиш қозонларини сохта ҳужжатлар билан сотиш ҳолати аниқланди. Ҳодиса юзасидан газ таъминоти ташкилоти ходими ва аввал судланган тадбиркор ушланди.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув фаолияти департаменти Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида икки нафар шахс қўлга олинган.
Маълум бўлишича, улар ўзаро жиноий тил бириктириб, хорижда ишлаб чиқарилган, хизмат муддати ўтган, фойдаланишга яроқсиз ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган иситиш қозонларини сотишни ташкил қилган. Ускуналар сохта ҳужжат ва сертификатлар билан ҳар бири 380 доллардан сотилган.
Гумонланувчилар 120 та иситиш қозонини 45 минг долларга сотиш вақтида ушланган.
Кейинги тезкор тадбирлар давомида улардан бирининг хонадони кўздан кечирилганда, хориждан ноқонуний олиб кирилган, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ва сотиш мақсадида сақланаётган яна 500 та турли номдаги иситиш ускунаси аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276-11-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни иситиш қозонлари ва бошқа ускуналарни фақат мувофиқлик сертификати ҳамда кафолат ҳужжатларини тақдим этадиган расмий дўконлардан харид қилишга чақирди. Уларни ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатишни эса малакали мутахассисларга ишониш тавсия этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ноқонуний сотилган иситиш қозонлари сабаб 18 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Германияда фойдаланишдан чиқарилган газ қозонлари мамлакатга олиб кирилиб, янгиси сифатида сотилган.
Изоҳ