• БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 13:37

Хорижда ишга жойлаштирилган ҳар бир фуқаро учун хусусий бандлик агентликларига 1,5 миллион сўмдан тўланади

Фуқароларни хорижда ишга юбориш вазифаларини энг ишончли хусусий бандлик агентликларига тўлиқ топшириш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, улар фаолияти устидан назорат кучайтирилиб, рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади.

81
0
uznews.uz

Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда хусусий бандлик агентликларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги чора-тадбирларни ишлаб чиқишни топширди.

Қайд этилишича, хусусий бандлик агентликларини лицензиялаш тартиби соддалаштирилганидан кейин икки йил ичида уларнинг сони уч баробарга, ушбу агентликлар орқали хорижда ишга жойлаштирилган фуқаролар сони эса беш баробарга ошган.

Келгуси йилдан бошлаб фуқароларни хорижга ишга юбориш вазифалари тўлиқ энг ишончли хусусий бандлик агентликларига ўтказилади. Юқори маошли ишга жойлаштирилган ҳар бир фуқаро учун агентликларга рағбатлантириш сифатида 1,5 миллион сўмдан тўланади.

Ёшларни касб ва тилга ўқитиш учун техникумларнинг айрим бинолари бепул ижарага берилади. Хориждан жалб қилинган ўқитувчи ва экспертлар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоизни ташкил этади. Ўқув жараёни учун зарур жиҳозлар ва техникалар божхона божларидан озод қилинади.

Шу билан бирга, хусусий бандлик агентликлари тўлиқ шаффоф тизимда ишлайди ва уларнинг фаолияти рейтинг асосида баҳоланади. Бунда фуқароларни амалда ишга жойлаштириш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, юқори даромад олиши ва кафолатланган ижтимоий таъминотга эга бўлиши асосий мезонлар ҳисобланади.

Президент бир ой муддатда агентликлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қарор лойиҳасини киритишни топширди. Шунингдек, ушбу фаолиятни ижтимоий хизмат сифатида кўриб чиқиш ва солиққа тортиш тартибини шунга мувофиқ соддалаштириш вазифаси қўйилди.

81
0

Изоҳ