• БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 16:53

Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay ишга туширилди

Саида Мирзиёева халқаро тўлов сервислари Ўзбекистонда ишлай бошлаганини маълум қилди. Уларни жорий этиш бўйича америкалик технологик компаниялар билан музокаралар ўтказилиб, миллий қонунчиликка ўзгартишлар киритилган.

37
0
t.me/SShMirziyoyeva

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay тўлов сервислари ишга туширилганини олқишлади.

«Яхши янгилик билан бўлишишдан хурсандман: бугун Ўзбекистонда ниҳоят Apple Pay ва Google Pay ишлай бошлади», — деб ёзди у.

Сервисларни жорий этишга тайёргарликнинг муҳим босқичларидан бири 23 сентябрь куни Нью-Йоркда Саида Мирзиёеванинг Google вице-президенти Каран Бхатия билан учрашуви бўлди. Музокараларда технологик ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, Google Pay’ни Ўзбекистонда ишга тушириш истиқболлари муҳокама қилинган. Ўшанда сервисни Visa ва Mastercard карталари учун ҳам жорий этиш режалари ҳақида хабар берилган эди.

«Сўнгги йилларда шахсий маълумотларни қайта ишлаш ва рақамли тўловлар соҳасидаги қонунчилигимизни такомиллаштирдик. Натижада Ўзбекистонда халқаро тўлов тизимларидан эркин фойдаланиш учун кенг имкониятлар очилмоқда», — дея таъкидлаган Саида Мирзиёева.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил апрель ва май ойларида Apple ҳамда Google вакиллари билан ҳам музокаралар ўтказилган. Қонунчиликка киритилган ўзгартишлардан кейин Марказий банк тижорат банклари, Humo ва Uzcard тўлов тизимлари билан биргаликда халқаро сервисларни техник интеграция қилиш ишларини бошлаган.

Аввалроқ халқаро тўлов сервисларини жорий этишдаги тўсиқлардан бири шахсий маълумотларни мамлакат ҳудудида сақлаш талаблари бўлган. 2026 йил март ойида қонунчиликка айрим шахсий маълумотларни белгиланган шартлар асосида мамлакат ташқарисида қайта ишлашга рухсат берувчи ўзгартишлар киритилган.

Шунингдек, 2025 йил ноябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи давомида америкалик технологик компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, Apple Pay ва Google Pay’ни жорий этиш масаласи ҳам кўтарилган эди.

Ушбу тўлов сервисларининг ишга туширилиши Ўзбекистонда нақд пулсиз ҳисоб-китоб имкониятларини кенгайтириши, товар ва хизматлар учун тўловларни қулайлаштириши ҳамда мамлакатнинг глобал рақамли иқтисодиётга интеграциялашувига хизмат қилиши кутилмоқда.

37
0

Изоҳ