Аввалроқ Тошкентдаги собиқ шампан заводи ҳудудида қурилиш ишлари олиб борилаётганда объектни Боткин қабристонидан ажратиб турган девор қулаб тушгани ва натижада бир нечта қабрга зарар етгани ҳақида хабар берган эдик.
Ҳолат пойтахтнинг Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияси ходимлари ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари томонидан ўрганилди.
Аниқланишича, ҳодиса Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги «Султонали Машҳадий» маҳалласида жойлашган тадбиркорлик объекти ҳудудида қўшимча бино қуриш учун ер қазиш ишлари олиб борилаётганда содир бўлган.
Текширув давомида қурилиш ишлари тегишли рухсатномаларсиз, ноқонуний равишда ҳамда белгиланган шаҳарсозлик нормалари ва талабларини бузган ҳолда амалга оширилгани маълум бўлди.
Шунингдек, қабристон девори ва қабрлар қурувчиларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида бузилгани аниқланди.
Маълум қилинишича, ҳозирда қурилиш ишлари тўхтатилган. Қурилиш ташкилотига нисбатан 200 БҲМ, яъни 88 млн сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.
Изоҳ