• БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Кеча, 18:41

Самарқандда 11 млн сўмлик моноблокни пора сифатида олган собиқ амалдор 5 йилга қамалди

Жомбой тумани экология бўлимининг собиқ бошлиғи қарийб 100 туп терак кесилиши билан боғлиқ иш бўйича чора кўрмаслик, зарар миқдорини камайтириш ва «КамАЗ»ни жарима майдончасидан қайтаришга ёрдам бериш эвазига компьютер сўраган.

56
0
Прокуратура

Самарқанд вилоятида Жомбой тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлимининг собиқ бошлиғига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, у пора олишда айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда UzNews.uz мухбири суд ҳукмига таяниб хабар берди.

Иш материалларига кўра, Ж. Р. исмли собиқ амалдор икки фуқародан қарийб 100 туп теракнинг кесилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан чора кўрмаслик, етказилган зарар миқдорини камайтириш ҳамда автомобилни жарима майдончасидан қайтаришга кўмаклашиш эвазига 11 млн сўмлик моноблок компьютер талаб қилган.

Судда у дарахтлар кесилаётганига гувоҳ бўлганини айтган. У «КамАЗ» ҳайдовчисининг ҳужжатларини олиб, юк машинасини жарима майдончасига жойлаштирган ва дарахтларнинг кесилиши бўйича ҳужжатларни расмийлаштирган.

Кейинчалик ҳуқуқбузарларнинг таниши унга мурожаат қилиб, «КамАЗ»ни жарима майдончасидан қайтаришни сўраган ва бунинг эвазига 300 доллар таклиф қилган. Бироқ амалдор пул керак эмаслигини, ишлаш учун компьютер зарурлигини айтган.

Компьютер хизмат хонасига олиб келиниб, ўрнатилганидан сўнг Ж. Р. ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Судда у қилмишининг қонунга хилоф эканини тан олиб, пушаймонлигини билдирган.

Суд Ж. Р.ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми (пора олиш) бўйича айбдор деб топиб, аҳоли яшаш пунктларидан ташқаридаги манзил-колонияда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шунингдек, уни давлат ташкилотларида раҳбарлик вазифалари ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

56
0

Изоҳ