Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, Туркманистоннинг Ҳомийликка муҳтож болаларга ёрдам бериш хайрия фонди вице-президенти Ўгулжахон Атабаева ҳамда Ҳайдар Алиев жамғармаси вице-президенти Лейла Алиева ўртасида уч томонлама учрашув бўлиб ўтди.
«Учрашувларимиз аллақачон яхши анъанага айланди. Ҳар сафар ҳамкорликда ишлаш учун янги ғоялар ва имкониятлар пайдо бўлмоқда», — деди Саида Мирзиёева.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар янги босқичга кўтарилган. Бу эса олий даражадаги учрашув ва музокаралар якунлари бўйича эришилган келишувлар амалда муваффақиятли татбиқ этилаётганидан далолат беради.
Ўгулжахон Атабаева икки томонлама муносабатлар, шунингдек, минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасида гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
«Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжонни азалий дўстлик, ишонч ва барчамиз учун қадрли бўлган умумий қадриятлар боғлаб туради. Учрашувларимиз одамларга наф келтирадиган, мамлакатларимизни янада яқинлаштирадиган эзгу ишлар билан давом этишини жуда истардим», — деди Саида Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, Саида Мирзиёева бир кун аввал Ашхободдаги Туркманистон Давлат бадиий академиясида «Она-табиат» номли халқаро санъат кўргазмасининг очилиш маросимида ҳам иштирок этган.
Изоҳ