Ўзгидромет маълумотларига кўра, жорий йилнинг сентябрь ойи ниҳоятда қуруқ келган. Октябрь ойи бошидан буён Тошкентда 11 мм ёғингарчилик кузатилган, ойлик ўртача меъёр эса 24 ммни ташкил этади.
Ёғингарчилик камлиги ва ҳаводаги чанг таъсирини камайтириш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш хизматлари томонидан яшил майдонларни чангдан тозалаш ишларини олиб бориш зарурлигини маълум қилди.
Айни пайтда махсус техника ёрдамида дарахтлар шох-шаббаларига сув сепилиб, баргларга ўрнашган чанг ювилмоқда. Шунингдек, шаҳарнинг айрим ҳудудларида намликни ошириш чоралари кўрилмоқда.
«Албатта, бу чоралар табиий ёғингарчилик ўрнини боса олмайди ёки чанг муаммосини тўлиқ ҳал қилмайди. Бироқ, дастлаб қараганда кичикдек туюлган бундай ҳаракатлар ҳам қулай микроиқлимни сақлаш ва аҳоли учун янада қулай шароит яратишга ҳисса қўшади», — дейилади пойтахт ҳокимлиги хабарида.
Ҳокимлик маълум қилишича, Тошкентда экологик вазиятни яхшилаш, яшил ҳудудларни сақлаш ва аҳоли учун қулай шароит яратиш бўйича ишлар давом эттирилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида ҳам Тошкент кўчаларига сув сепиш бўйича шунга ўхшаш ишлар амалга оширилган. Ўша вақтда ҳаво ифлосланишини камайтиришга қаратилган комплекс чоралар доирасида шаҳар фавворалари ҳам ишга туширилган эди.
Изоҳ