Шавкат Мирзиёев Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан учрашувда икки давлат ўртасида ID-карталар орқали чегарадан ўтиш тизимини жорий этишни тезлаштириш кераклигини айтди.
Учрашув Ўзбекистонга «Марказий Осиё — АҚШ» (C5+1) форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этиш учун келган Тожикистон ташқи ишлар вазири билан бўлиб ўтди.
«Президентлигимнинг дастлабки кунларидан бошлаб Тожикистон билан муносабатлар мен учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Ўзингиз ҳам биласиз, қанчалик катта ишларни амалга оширдик. Илгари чегаралар ёпиқ эди. Бугунгидек товар айирбошлаш ҳажми ҳам, бундай яқин муносабатлар ҳам йўқ эди», — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Тожикистонда қариндошлик алоқалари билан боғланмаган оилалар деярли йўқлигини таъкидлади.
«Шунингдек, ID-карталар орқали чегарадан ўтиш тизимини жорий этишни тезлаштиришимиз зарур. Юк ташиш ҳажми ортиб бораётгани сабабли бу масалани ҳал қилишга ҳақиқий эҳтиёж мавжуд», — деди Президент.
Учрашувда томонлар маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни фаоллаштириш муҳимлигини ҳам қайд этиб, минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилди.
Изоҳ