Тошкентда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллаларни кўкаламзорлаштириш, мавжуд дарахтларни асраш ва аҳоли учун қулай экологик муҳит яратишга қаратилган янги чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан, ер майдони чекланган маҳаллаларда, кўп қаватли уйлар орасида, мактаб ва боғчалар ҳовлисида микроўрмонлар ташкил этилади. 200 квадрат метрдан 1 000 квадрат метргача бўлган майдонларда зич экиш усули қўлланади. Бунда ҳар бир квадрат метрга камида иккита дарахт ва бута кўчати экилиши белгиланган.
Ер ажратиш имкони бўлмаган бетон ва асфальт қопламали ҳудудларда эса кўчатлар катта гултувакларга экилиб, кичик жамоат боғлари ташкил этилади.
Шунингдек, пойтахтда компостлаш ва мульчалаш тизими йўлга қўйилади. Бунинг учун дарахт шохлари майдаланиб, органик материаллардан фойдаланилади ва улар дарахтлар атрофидаги очиқ тупроқ майдонларини парваришлашда қўлланади.
1 октябрда бошланган икки ойлик тозалик ва ободонлаштириш тадбирлари доирасида ариқлар, коллекторлар ва каналлар чиқиндилардан тозаланади. Зарур жойларда таъмирлаш ишлари ўтказилиб, ҳудудлар мавсумий ёғингарчиликка тайёрланади.
1 ноябрга қадар туманларни кўкаламзорлаштириш даражасини оширишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Уларда яшил боғлар, сояли сайр кўчалари, сувни тежайдиган суғориш тизимларини ташкил этиш ҳамда дарахтларни парваришлаш бўйича аниқ манзиллар, муддатлар, молиялаштириш манбалари ва масъуллар белгиланади.
Тошкентда кўчат экишнинг кузги мавсуми 10 ноябрдан бошланиши белгиланган. Экиш майдонларини тайёрлаш, суғориш тизимларини созлаш, тупроққа ишлов бериш ва бошқа агротехник ишлар олдиндан амалга оширилади.
Бундан ташқари, келгуси йилдан «Яшил маҳалла» лойиҳаси доирасида «Маҳаллани кўкаламзорлаштириш» пакети ва «Яшил лот» тизимини жорий этиш кўзда тутилган.
Ҳокимлик маълумотига кўра, ушбу чора-тадбирлардан мақсад нафақат пойтахтдаги яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, балки мавжуд дарахтларни сақлаш, уларни тўғри парваришлаш ва ҳар бир маҳаллада қулай экологик муҳит яратишдан иборат.
Изоҳ