Тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, АҚШ давлат котиби Марко Рубио, АҚШ президентининг махсус вакили Серджио Гор ҳамда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева иштирок этди.
Шунингдек, йиғилишда 100 дан ортиқ Америка компанияси вакиллари қатнашиб, инвестициялар жалб қилиш, бизнесни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.
Саида Мирзиёева Президентнинг ишончи ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик учун кенг имкониятлар очадиган Кенгаш ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди. У Марко Рубио, унинг рафиқаси Жанетт ҳамда Серджио Горга ҳам ташаббусни қўллаб-қувватлагани ва Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлиги учун алоҳида ташаккур айтди.
«Энди келишувлар ортидан аниқ ишлар — янги инвестициялар, корхоналар ва иш ўринлари яратилиши муҳим. АҚШ билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали айнан шундай натижаларга эришмоқчимиз», — деди Президент администрацияси раҳбари.
Кенгаш йиғилишига катта тайёргарлик кўрилган бўлиб, натижада умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик 54 та келишув ва истиқболли ташаббусдан иборат пакет шакллантирилди. Уларни амалга ошириш учун комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади.
Шавкат Мирзиёев йиғилиш очилишида Америка тадбиркорлари учун тушунарли ва барқарор шарт-шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Ўзбекистонга келган инвестор маъмурий жараёнларга ортиқча вақт сарфламасдан, дарҳол ўз бизнесини бошлаш имкониятига эга бўлиши керак.
Шу мақсадда инвесторларга тайёр майдонлар, уланган инфратузилма, зарур рухсатномалар ва ҳужжатлар тақдим этиладиган «plug and play» — «кел ва ишни бошла» тамойилига асосланган янги ишлаш модели жорий этилади.
Ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам лойиҳаларда ҳамкор сифатида қатнашиб, инвестиция таваккалчиликларини бўлишиши мумкин. Бундай лойиҳаларда иштирок этиш учун Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси ташкил этилган.
Кенгашни икки давлат ўртасидаги узоқ муддатли иқтисодий шерикликнинг стратегик механизмига айлантириш режалаштирилган.
Шу муносабат билан 2035 йилгача бўлган савдо-инвестициявий ва технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Кенгаш янги ташаббусларни ишлаб чиқиш, тизимли тўсиқларни бартараф этиш ва йирик қўшма лойиҳаларни илгари суриш майдонига айланиши кутилмоқда.
Изоҳ