• 12 045 сўм
    -11.18
  • 13 525 сўм
    -47.51
  • 145 сўм
    1.3
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 12 045 сўм
    -11.18
  • 13 525 сўм
    -47.51
  • 145 сўм
    1.3
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 10:17

Ўзбекистон ва АҚШ энергетика, сунъий интеллект ва минераллар соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Шавкат Мирзиёев АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан учрашувда икки томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳам белгилаб олинди.

61
0
prezident.uz

Ўзбекистон президенти 19 октябрь куни АҚШ давлат котиби Марко Рубиони қабул қилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашув аввалида Марко Рубио АҚШ президенти Дональд Трампнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Музокараларда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. «С5+1» форматидаги навбатдаги вазирлар учрашуви якунлари юқори баҳоланиб, АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорлик таъкидланди.

Сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестициялар, инновациялар, технологиялар, таълим ва маданият соҳаларидаги алоқалар фаоллашаётгани қайд этилди. Шунингдек, терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик моддалари савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг йўлга қўйилиши икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим қадам сифатида баҳоланди. Унинг биринчи йиғилиши якунлари бўйича бир қатор ҳужжатлар, жумладан, коинотни тинч мақсадларда ўзлаштиришга қаратилган «Артемида келишувлари» имзоланди.

Иқтисодий ҳамкорлик стратегик шерикликнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Жорий йил бошидан буён икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 35 фоизга ошган. Фуқаро авиацияси, автомобилсозлик, тоғ-кон саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва молия соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Американо-Ўзбекистон бизнес ва инвестициялар кенгашининг навбатдаги йиғилиши доирасида умумий қиймати 12 миллиард долларлик янги келишувларга эришилгани таъкидланди.

Учрашувда стратегик аҳамиятга эга минералларни қазиб олиш, энергетика, транспорт, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Шунингдек, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш ва бизнес-миссиялар алмашинувини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Гуманитар ҳамкорлик доирасида Тошкентда Вебстер университети, Америка технология университети ва Колорадо кончилик мактабининг компетенциялар маркази фаолият юритаётгани, Ўзбекистонга келаётган америкалик сайёҳлар сони ортиб бораётгани қайд этилди.

Томонлар халқаро сиёсат ва минтақавий хавфсизликнинг долзарб масалалари, шунингдек, икки мамлакат раҳбарлари иштирокида ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар жадвали ва уларнинг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам фикр алмашди.

Учрашувдан сўнг Шавкат Мирзиёев Марко Рубиога «Буюк хизматлари учун» орденини топширди. Ушбу мукофот АҚШ давлат котибига Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун берилди.

АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Серджио Гор эса Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳамда стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

61
0

Изоҳ