Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 19 октябрь куни соат 19:05 да Қибрай туманида жойлашган «Акса Тошкент» иссиқлик электр станциясида трансформаторни ҳимоя қилиш тизими ишга тушган. Натижада станция қуввати 460 МВтдан 185 МВтгача пасайган.
Дастлабки маълумотларга кўра, бунга станциядаги Т-5 трансформаторининг шикастланиши сабаб бўлган.
Ҳодиса оқибатида Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Олмазор, Мирзо Улуғбек ва Шайхонтоҳур туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида вақтинчалик узилишлар кузатилган.
Тезкор чоралар натижасида соат 19:09 да Юнусобод ва Олмазор туманларида электр таъминоти қисман тикланган. Соат 19:25 да захира манбалари ҳисобига электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланган. Бошқа ҳудудларда ҳам электр таъминоти соат 19:38 да тўлиқ қайта тикланган.
Маълум қилинишича, ҳодисага ҳаво шарининг «Акса Тошкент» ИЭС очиқ тақсимлаш қурилмасига тушиб кетиши сабаб бўлган. Бунинг натижасида ҳимоя тизими ишга тушиб, электр таъминотида узилишлар юзага келган.
Шу муносабат билан фуқаролардан электр станциялари, подстанциялар ва бошқа электр ускуналари яқинида ҳаво шарларини учирмаслик сўралди.
Изоҳ