VEON халқаро рақамли хизматлар оператори Perfectum’ни сотиб олиш бўйича келишув тузилганини эълон қилди. Бу ҳақда компаниянинг расмий хабарида маълум қилинди.
Битим доирасида VEON Perfectum’нинг тахминан 93 млн долларлик тўланмаган қарзини ҳам ўз зиммасига олади. Хариднинг пул маблағлари билан тўланадиган қисми компаниянинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Perfectum активлари 850 МГц ва 3800 МГц частота диапазонларидаги жами 115 МГц спектрни, шунингдек, замонавий тармоқ ускуналари ва инфратузилмани ўз ичига олади. Улар орасида Nokia ускуналари асосида қурилган мустақил 5G Standalone тармоғи ҳам бор.
Компания маълумотига кўра, харид натижасида Beeline Uzbekistan’нинг частота ресурслари тахминан 50 фоизга ошади. Бу тармоқ қамрови ва ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш, 4G/LTE тармоғини ривожлантириш, 5G хизматларини жорий этиш ҳамда аҳоли ва бизнес учун симсиз кенг полосали интернет имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, икки оператор инфратузилмасини интеграция қилиш келгусидаги инвестициялар самарадорлигини ошириш, капитал ва операцион харажатларни қисқартириш имконини бериши мумкин.
Beeline Uzbekistan бош директори Евгений Настрадиннинг таъкидлашича, Perfectum частота ресурслари операторнинг мавжуд имкониятларини тўлдириб, алоқа сифатини яхшилаш ва тармоқ қувватини ошириш режаларини амалга оширишга ёрдам беради.
Компаниянинг маълум қилишича, битимни амалга ошириш учун зарур регулятор рухсатлари олинган. Харидни 2026 йил октябрь ойи охирига қадар якунлаш режалаштирилган.
Изоҳ