• 11 899 сўм
    1.19
  • 13 298 сўм
    -37.94
  • 142 сўм
    1.35
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 11 899 сўм
    1.19
  • 13 298 сўм
    -37.94
  • 142 сўм
    1.35
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 11:40

Тошкент ва вилоятида иссиқхоналарга экологик талабларга риоя қилган ҳолда ишлашга рухсат берилиши мумкин

Тошкент шаҳри ва вилоятида иссиқхона хўжаликлари экологик хавфсиз иситиш тизимларига ўтган тақдирда фаолиятини давом эттириши мумкин. Экологик талабларга жавоб бермайдиган иссиқхоналар фаолиятига қўйилган тақиқ эса сақлаб қолинади.

30
0
gov.uz/ru/eco

Миллий экология қўмитаси хабар беришича, ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши, тунги вақтда атмосфера инверсияси ва шамолсиз об-ҳаво кузатилиши сабабли кўмир билан иситиладиган иссиқхоналардан чиқадиган зарарли моддалар юзасидан аҳоли шикоятлари кўпайган. Жумладан, Юнусобод туманида яшовчилар ҳаво сифати ёмонлашгани ва нохуш ҳидлар пайдо бўлганидан шикоят қилган.

Иссиқхона хўжаликлари мавжуд объектларни модернизация қилиш, экологик технологияларга ўтиш ва чиқиндилар миқдорини хавфсиз даражага туширишга тайёрлигини билдирган.

Таклифларга кўра, иссиқхоналарда табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларида ҳосил бўладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланиш мумкин бўлади.

Муқобил технологияларни қўллаш имкони бўлмаган ҳолларда кўмирдан фойдаланишга ҳам рухсат бериш таклиф этилмоқда. Бунинг учун иссиқхоналар замонавий сертификатланган қозонлар, самарали фильтрлаш ва тозалаш тизимлари билан жиҳозланиши, чиқиндилар эса онлайн мониторинг қилиниши керак.

Мазкур таклифлар Экология қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва бошқа идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилди.

Иссиқхона хўжаликлари томонидан тақдим этилган қозон ва фильтрлардан иборат тажриба намунаси 30 сентябрь ва 8 октябрь кунлари синовдан ўтказилди. Ўлчовлар натижасида ҳавога чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори аҳоли саломатлиги учун белгиланган хавфсиз меъёрларга мос келмаслиги аниқланди. Шу сабабли фильтр тизимини такомиллаштириш ва қайта синовдан ўтказишга келишилди.

Айни пайтда иссиқхона қозонлари фильтрлари учун хавфсиз чиқинди стандартларини тасдиқлаш бўйича ҳужжат лойиҳаси тайёрланган. Экологик талабларга мос равишда «яшил иссиқхоналар»га айланишни режалаштираётган хўжаликлар учун субсидиялар ва солиқ имтиёзлари бериш ҳам назарда тутилмоқда.

Қўмита таъкидлашича, аҳоли саломатлигига етказилаётган зарарни ҳисобга олган ҳолда, экологик хавфсиз иситиш тизимлари билан жиҳозланмаган иссиқхоналарнинг пойтахт минтақасида фаолият юритишига қўйилган тақиқ сақланиб қолади.

30
0

Изоҳ