Тошкент шаҳрида Фарғона йўли кўчасининг 6 километрлик қисмида, ҳар икки йўналишдаги автобуслар учун ажратилган «А» йўлакларига ҳаракатни назорат қилувчи камералар ўрнатилди. Бу ҳақда пойтахт транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича эълон қилинган маълумотда хабар берилди.
Қайд этилишича, жамоат транспорти ҳаракатига устуворлик бериш мақсадида пойтахтнинг бошқа кўчаларидаги ажратилган йўлакларда ҳам назорат камералари босқичма-босқич ишга туширилмоқда.
Бир автобусда бир вақтнинг ўзида 50 нафардан ортиқ йўловчи бўлиши мумкин. Шу сабабли ажратилган йўлакка бошқа транспорт воситаларининг кириши автобуслар ҳаракатига тўсқинлик қилиб, кўплаб йўловчиларнинг кечикишига олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтилишича, соат 06:00 дан 23:00 гача «А» ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлмаган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.
Ҳайдовчилардан йўл белгилари ва чизиқлари талабларига риоя қилиш, автобуслар учун ажратилган йўлакларни банд қилмаслик ҳамда бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг манфаатларини ҳурмат қилиш сўралган.
Изоҳ