• 11 898 сўм
    51.33
  • 13 336 сўм
    95.45
  • 140 сўм
    1.23
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 11 898 сўм
    51.33
  • 13 336 сўм
    95.45
  • 140 сўм
    1.23
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 13:07

Янги Тошкентда 2,5 млрд долларлик йирик лойиҳалар қурилиши бошланди

Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда умумий қиймати 2,5 млрд доллар бўлган 10 та йирик лойиҳа қурилишига старт берди. Улар орасида юқори технологик саноат ҳудуди, Metropolis бизнес маркази, янги кўприк, турар жой мажмуалари ва чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳалари бор.

69
0
prezident.uz

Президент матбуот хизмати хабар беришича, давлат раҳбари Янги Тошкентда янги объектларни ишга тушириш ва қурилишини бошлаш маросимида иштирок этди.

Тадбирда умумий қиймати 1 млрд доллар бўлган еттита объект фойдаланишга топширилди. Улар қаторига «Шарқ баҳори» турар жой мажмуасининг биринчи босқичи, йўл ва инфратузилма объектлари, «Янги Тошкент» 1-сон подстанцияси, тригенерация станцияси, Савдо-саноат палатаси биноси, «Соҳил боғи» ва 2 минг ўқувчига мўлжалланган мактаб киради.

Туркиянинг MIMSAN компанияси иштирокида 73 млн доллар инвестиция ҳисобига қурилган тригенерация станцияси 100 мингта хонадонни марказлашган иситиш ва совитиш билан таъминлаш, шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

Хитойнинг Haocheng Industry Group Limited компанияси билан ҳамкорликда 95 млн долларлик подстанция ва юқори кучланишли электр узатиш линиялари лойиҳаси ҳам амалга оширилди. Шунингдек, 18 км автомобиль йўли қурилиб, 13 км канализация ва 4,5 км ичимлик суви тармоқлари ётқизилди.

Янги лойиҳалар орасида 320 млн долларлик Deep Tech Park саноат ҳудуди ҳам бор. У юқори технологик маҳсулотлар ва яримўтказгичлар ишлаб чиқаришга ихтисослашади. Келгусида ҳудудда умумий қиймати 1,7 млрд долларлик лойиҳаларни жойлаштириш режалаштирилган.

Финляндиянинг MariMatic компанияси иштирокида чиқиндиларни йиғиш ва улардан «яшил» электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Кўп қаватли уйлар томларига умумий қуввати 20 мегаватт бўлган фотоэлектрик тизимлар ҳам ўрнатилади.

Янги Тошкентни пойтахт билан боғлаш мақсадида Темур Малик кўчаси ва 4Р12 автомобиль йўли оралиғида кўприк, йўл ўтказгич ҳамда 10 км автомобиль йўли қурилади. Метро станциялари билан боғланган ерости автотураргоҳи ҳам барпо этилади.

818 минг квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллайдиган Metropolis бизнес марказида офислар, меҳмонхона, турар жойлар ва хизмат кўрсатиш объектлари жойлашади. Унинг 500 минг квадрат метри бизнес инфратузилмасига ажратилади. Лойиҳа доирасида 1,5 минг кишини иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, «Silk City», «Мавж» ва «Маржон» турар жой мажмуалари ҳамда 120 ўринли марказий шифохона қурилади.

Маълум қилинишича, Янги Тошкент қурилиши бошланганидан буён шаҳарда 2 млрд долларлик ишлар бажарилган. Шаҳарнинг биринчи босқичи доирасида замонавий технологиялар асосида умумий қиймати 50 млрд долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Лойиҳа режасига кўра, шаҳарда 2 минг гектар яшил ҳудуд ва 500 гектар боғ ташкил этилади. Шунингдек, яшил қурилиш стандартлари асосида 150 млн квадрат метр турар жой ва нотурар объектлар барпо этилади.

69
0

Изоҳ