Президент Хитой Халқ Республикасининг Ляонин педагогика университети филиалини Хоразм вилоятида ташкил этиш тўғрисида қарор имзолади. Филиал Хива шаҳридаги Қибла Тозабоғ маҳалласи, Мактаб кўчаси, 57-уйда жойлаштирилади.
Филиал академик жиҳатдан мустақил олий таълим ташкилоти сифатида фаолият юритади. Таълим жараёни Хитой университетининг ўқув режалари ва таълим стандартлари асосида, Ўзбекистоннинг давлат стандартлари ҳамда малака талабларини инобатга олган ҳолда ташкил этилади.
Таълим ўзбек, хитой ёки инглиз тилларида кундузги ва муқобил шаклларда олиб борилади.
2030/2031 ўқув йилига қадар қабул қилинган талабалар ўқишнинг бутун даври давомида тўлиқ давлат гранти асосида таҳсил олади. 2030/2031 ўқув йилидан бошлаб эса ҳар йили қабул қилинадиган талабалар ўринларининг 30 фоизи грант асосида бўлади.
Битирувчиларга филиал ҳамда Ляонин педагогика университети дипломи берилади. Ушбу диплом олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади. Талабалар амалиёти ҳудуддаги ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотларида, жумладан, дуал таълим асосида ташкил этилади.
Филиалга академик ҳамкор сифатида Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари бириктирилади. Ҳамкорлик халқаро хитой тилини ўқитиш, туризмни бошқариш, халқаро бизнес ва сунъий интеллект йўналишларида амалга оширилади.
Ҳамкорлар филиални ўқитувчилар ва ўқув адабиётлари билан таъминлашга, шунингдек, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишга ёрдам беради. 2027/2028 ўқув йилидан талабалар ва педагогларнинг ўзаро академик мобиллиги босқичма-босқич йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, филиалга туризм ва ахборот технологиялари соҳалари учун кадрлар тайёрлайдиган техникумлар ҳам бириктирилади. Уларда Хитой тажрибаси асосида такомиллаштирилган таълим дастурлари ва ўқитиш методикалари жорий этилади. Битирувчиларга ўзлаштирган дастурига мос бакалавриат йўналишининг тегишли босқичидан ўқишни тўлов-контракт асосида давом эттириш имконияти берилади.
Маълумот учун: Ляонин педагогика университети (Liaoning Normal University) — Хитойнинг шимоли-шарқидаги Ляонинг провинцияси, Далянь шаҳрида жойлашган давлат олий таълим муассасаси. Университет 1951 йилда ташкил этилган бўлиб, педагоглар тайёрлаш ва таълим соҳасидаги тадқиқотларга ихтисослашган. Олийгоҳда бакалавриат бўйича 62 та таълим дастури мавжуд. Шунингдек, магистратура ва докторантурада таълим олиш имконияти бор. Унда 14 мингдан ортиқ бакалавриат талабалари ҳамда 6,8 мингдан зиёд магистрант ва докторант таҳсил олади.
Изоҳ