Адлия вазирлиги Марказий банк бошқарувининг тижорат банкларига янги талабларни белгилайдиган қарорини давлат рўйхатидан ўтказди.
Эндиликда банклар мижозларни кредит олиш билан боғлиқ хавфлар ҳақида олдиндан огоҳлантириши шарт. Жумладан, кредит рекламасида кредит бўйича мажбуриятларни бажармаслик истеъмолчи учун молиявий хавфларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш жойлаштирилади.
Огоҳлантиришда қарзни тўламасликнинг эҳтимолий оқибатлари кўрсатилиши керак. Улар орасида қарз миқдорининг ортиши, қарз олувчининг мол-мулки ва банк ҳисобварақларидаги пул маблағларига ундирув қаратилиши, шунингдек, кредит тарихининг ёмонлашиши бор.
График, видео ёки аудио рекламада ушбу огоҳлантириш рекламани материалининг камида 10 фоизини эгаллаши керак. Шунингдек, огоҳлантириш кредит шартномасининг биринчи саҳифасига жойлаштирилади ва саҳифанинг камида 30 фоизини эгаллаши лозим.
Банклар, нобанк кредит ташкилотлари ва кредит бюроларига нисбатан чоралар ҳамда санкцияларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомларга ҳам ўзгартишлар киритилмоқда.
Эндиликда мижозларни чалғитувчи кредит маҳсулотлари учун банкларга нисбатан чоралар ва санкциялар қўлланилади.
«Ўзгартишлар истеъмолчиларни кредит олиш хавфлари ва қарзни ўз вақтида тўламаслик оқибатлари ҳақида кредит олишдан олдин тушунарли ва ишончли маълумотлар билан таъминлашга қаратилган», — дея таъкидлади регулятор.
Кутилишича, бу фуқароларга ўз молиявий имкониятларини холис баҳолаш ва янада пухта ўйланган қарорлар қабул қилишга ёрдам беради. Шунингдек, ортиқча қарз юки ва муддати ўтган қарздорликни камайтириш, банклар рекламаси ва кредит маҳсулотларининг шаффофлигини ошириш ҳамда мамлакатда масъулиятли қарз олиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Изоҳ