Ҳукуматнинг 22 сентябрдаги қарори билан Тошкент шаҳрида қонунчилик ҳужжатларини бузгани учун ушланган транспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби белгиланди.
Низомга кўра, ваколатли давлат органи транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилганида, бу ҳақда «Жарима майдончаси» модули орқали тегишли давлат органлари ҳамда хизмат кўрсатувчи юридик шахсларга хабар юборилади.
Транспортни бошқаришдан четлаштириш назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолларда транспорт воситаси жарима майдончасига фақат махсус техника — эвакуатор ёки манипулятор ёрдамида олиб келинади.
Ушланган транспорт воситасини ушлаб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилгандан кейин уни жарима майдончасидан олиб чиқишга «Жарима майдончаси» модули орқали рухсат берилади.
Рухсатнома маъмурий ишни кўриб чиқувчи орган мансабдор шахси томонидан электрон шаклда расмийлаштирилади ва QR-код билан тасдиқланади. У ҳайдовчи ҳамда сақлаш хизматини кўрсатувчи юридик шахсга электрон тарзда юборилади. Шунингдек, ҳайдовчининг телефон рақамига SMS хабар жўнатилади.
Рухсатнома «Жарима майдончаси» модули орқали расмийлаштирилмаган бўлса, ушланган транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариш тақиқланади.
Изоҳ