Тошкент шаҳар Кенгаши халқ депутатлари янги кўчаларнинг манзилли рўйхатини тасдиқлади.
Масъул идораларга кўчаларни Тошкентнинг Бош режаси, мастер-режа ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари, шунингдек, шаҳарсозлик меъёрлари асосида ташкил этиш топширилди.
Лойиҳалар республика ва маҳаллий бюджет маблағлари, давлат-хусусий шериклик асосида ҳамда хусусий секторни жалб қилиш орқали молиялаштирилади.
Янги кўчаларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида 24 соатлик видеокузатув тизими ишлайди. Шунингдек, парковкалар, жамоат ҳожатхоналари, Wi-Fi зоналари, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратилади.
Кўчаларда савдо, умумий овқатланиш, меҳмонхона, ҳунармандчилик, маданият ва кўнгилочар объектлар ягона концепция асосида жойлаштирилади.
Шунингдек, йиллик календарь режаси асосида фестиваллар, маданий тадбирлар, гастрономик ва ҳунармандчилик ярмаркалари ўтказиб борилади.
Туманлар кесимида кўчалар сони қуйидагича:
- Бектемир — 3 та;
- Мирзо Улуғбек — 10 та;
- Мирабод — 8 та;
- Олмазор — 8 та;
- Сергели — 10 та;
- Учтепа — 6 та;
- Чилонзор — 11 та;
- Шайхонтоҳур — 8 та;
- Юнусобод — 10 та;
- Яккасарой — 8 та;
- Янгихаёт — 10 та;
- Яшнобод — 8 та.
Энг кўп янги кўча Чилонзор туманида — 11 та ташкил этилади.
Изоҳ