Ўзбекистоннинг АҚШдаги Бош консули Аҳрор Бурханов Costco Wholesale раҳбарияти билан учрашиб, маҳаллий қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва ҳунармандчилик маҳсулотларини Америка бозорига етказиб бериш истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти тақдим этилди. Шунингдек, АҚШга олиб киришга рухсат берилган маҳаллий майиз ва қуриқ ўрик намуналари компания вакилларига кўрсатилди.
Costco вакиллари ўзбек майизининг сифати ва ташқи кўринишини юқори баҳолаб, уни тармоқ дўконларида сотиш имкониятини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди.
Томонлар, шунингдек, писта, ёнғоқ, бодом, кўк мевалар, олча, узум, анор ва бошқа янги ҳамда қуритилган меваларни Ўзбекистондан АҚШга етказиб бериш имкониятларини муҳокама қилди.
Costco Wholesale АҚШдаги энг йирик улгуржи-чакана савдо тармоқларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон маҳсулотларининг унинг дўконларида сотилиши мамлакат экспортининг Америка бозоридаги қамровини сезиларли даражада кенгайтириши мумкин.
Изоҳ