Тошкентнинг Яшнобод, Миробод ва Сергели туманларида айрим ҳудудларни комплекс қайта қуриш лойиҳалари амалга оширилади. Реновацияга тушган уй-жой мулкдорларига янги хонадон таклиф этилади, эски уй бўйича коммунал қарздорлик ва ортиқча тўловлар эса янги хонадоннинг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади.
Тошкентда шаҳарнинг айрим ҳудудларини комплекс қайта қуриш чора-тадбирлари бошланди. Тегишли қарорни пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов қабул қилди.
Қарор 2026 йил 24 февралда қабул қилинган кўп қаватли уй-жой мажмуаларини комплекс қуриш механизмларини жорий этишга оид Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Унга кўра, 2026 йил 1 мартдан 2028 йил 1 мартгача белгиланган ҳудудларда тажриба-синов тариқасида махсус ҳуқуқий режим — «регулятор қумдони» амал қилади.
Комплекс қайта қуриш лойиҳаларини амалга ошириш учун «Toshkent Invest» компанияси масъул ташкилот этиб белгиланган.
Компания шаҳар кадастрлар палатаси бошқармаси билан биргаликда 10 кун ичида реновация ҳудудидаги барча кўчмас мулк объектлари ва уларнинг эгалари ҳақида маълумот шакллантиради.
Реновацияга тушган уй-жой эгалари ва аҳоли учун маҳалла биноларида махсус штаблар ташкил этилади. Уларда «Toshkent Invest», туман ҳокимликлари, адлия, кадастр, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳалари масъуллари ишлайди.
Мулкдорларга нима берилади?
«Toshkent Invest» реновацияга тушган мулк эгалари билан музокара ўтказиб, компенсация турини келишиб олади. Келишувлар нотариал тарзда расмийлаштирилади.
Мулкдорларга бузиладиган уй-жой ўрнига янги хонадон таклиф қилиниши режалаштирилган. Бунинг учун компания реновация ҳудудлари яқинида турар жой мажмуаларини қураётган девелоперлар билан музокара олиб боради.
Яшнобод, Миробод ва Сергели туманларидаги реновацияга тушган объектлар эгаларига бу ҳақда икки кун ичида хабар берилиши керак.
Реновация ҳудудидаги уйларда доимий рўйхатдан ўтган фуқаролар янги уй берилганидан сўнг янги манзил бўйича автоматик равишда рўйхатдан ўтказилади.
Қарздорликлар нима бўлади?
Ҳужжатда мулкка қўйилган тақиқлар ва мажбуриятлар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш тартиби ҳам белгиланган.
Агар мулкка тақиқ қўйилган бўлса ва мажбуриятлар тўлиқ бажарилган бўлса, тақиқ зудлик билан бекор қилинади. Мажбуриятлар ҳали бажарилмаган ҳолларда эса нотариал келишувни расмийлаштириш учун чеклов вақтинча олиб ташланиши мумкин.
Кейинчалик ушбу чекловлар мулкдорга эски уй ўрнига берилган янги кўчмас мулкка кўчирилади.
Эски уй бўйича коммунал хизматлардан қарздорлик ёки ортиқча тўловлар ҳам янги хонадон учун очилган шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади.
Ҳудудларда экопарклар ташкил этилади
Реновация лойиҳалари доирасида яшил ҳудудлар, экопарклар ва хиёбонлар барпо этиш ҳам режалаштирилган.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарига икки ой муддатда Экология бошқармаси ва туман ҳокимликлари билан биргаликда яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилган. Шунингдек, ҳар бир туманда биттадан экопарк ташкил этиш кўзда тутилган.
Шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайдиган ёки техник текширув натижасида фойдаланишга яроқсиз деб топилган ўзбошимчалик билан қурилган кўп қаватли уй-жойларни бартараф этиш чоралари ҳам белгиланган.
Изоҳ