Байрам арафасида ички туризмни ривожлантириш ва туристик ҳудудларга бориш-келишни қулайлаштириш мақсадида қўшимча транспорт имкониятлари яратилади.
Темир йўл транспортида “Тошкент–Хива–Тошкент”, “Тошкент–Қўнғирот–Тошкент”, “Тошкент–Шовот–Тошкент”, “Тошкент–Термиз–Тошкент” ҳамда “Тошкент–Сариосиё–Тошкент” йўналишларидаги поездларга 4 тагача қўшимча вагон уланади.
Шунингдек, “Тошкент–Самарқанд–Тошкент”, “Тошкент–Бухоро–Тошкент” ва “Тошкент–Урганч–Тошкент” йўналишларида юқори тезликдаги электропоездларнинг қўшимча қатновлари йўлга қўйилади. Улар байрамдан икки кун олдин бошланиб, байрамдан кейинги икки кун давомида ҳам давом этади.
Вилоятлараро йўналишларда ҳам қўшимча автобус қатновлари ташкил этилади. Жумладан, Тошкентдаги Жанубий темир йўл вокзали ҳудудида вилоятлараро автобуслар учун захира тўхташ жойи ажратилади.
Бундан ташқари, байрамдан камида икки кун олдин Тошкентдан Урганч, Нукус, Бухоро ва Термизга қўшимча авиарейслар амалга оширилади.
Мазкур чоралар байрам кунларида аҳолининг мамлакат бўйлаб саёҳат қилиши ва тарихий, маданий ҳамда табиий туристик масканларга ташриф буюриши учун қўшимча қулайлик яратади.
Изоҳ