Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар қатнашди. Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлган аждодлар руҳига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди.
Давлат раҳбари мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида қаҳрамон аждодларни хотирлаш ва уларнинг хотирасига ҳурмат кўрсатиш муқаддас бурч эканини таъкидлади.
«Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик», – деди Президент.
Таъкидланишича, 2021–2025 йилларда Олий суд томонидан қатағон қурбони бўлган 1,2 мингдан зиёд юртдош оқланган. Жорий йилда эса собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган яна 161 нафар ватандошнинг номи оқланган.
Сўнгги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, тарихий адолатни тиклаш ва уларнинг меросини ўрганиш бўйича ишлар кучайтирилган. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи реконструкция қилиниб, замонавий технологиялар билан жиҳозланган.
Президент дунёдаги қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб бораётганини қайд этиб, Ўзбекистон тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаслигини билдирди.
Шунингдек, ёшларни сифатли таълим олишга, ватанпарварлик ва миллий ғурур руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
«Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч», – деди Шавкат Мирзиёев.
Тадбир якунида уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодлар руҳига дуо қилди.
Изоҳ