Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш муассасаларида ички тартиб қоидаларига ўзгартириш киритиш бўйича лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Лойиҳага кўра, маҳкумлар ва уларнинг яқинлари рухсат этилган маҳсулот, кийим-кечак, шахсий буюмлар ва бошқа товарларни муассаса ичидаги инфокиосклар, шунингдек, ташқи электрон платформалар, сайтлар ва мобил иловалар орқали буюртма қилиши мумкин.
Агар харид қилинган товарлар белгиланган меъёрдан ошиб кетса, улар олиб қўйилмайди, балки муассаса омборида сақланади. Маҳкум зарур буюмларни ариза асосида омбордан олиши мумкин бўлади.
Товарларнинг тасдиқланган рўйхатга мувофиқлиги, шунингдек уларнинг тури ва қадоқланишига қўйилган талабларга риоя этилишини жазони ижро этиш муассасалари назорат қилади.
Колония-қишлоқларда жазо ўтаётган маҳкумлар учун эса рухсат этилган товарларни сотиб олиш ва сақлашдаги оғирлик ҳамда миқдор чекловларини, жумладан ойлик лимитларни қўлламаслик таклиф этилмоқда.
Рухсат этилган маҳсулотлар рўйхатига нон ва ун маҳсулотлари, макарон, тузланган ва дудланган балиқ, пишлоқ ва сариёғ, печенье, вафли, шоколад ва ширинликлар, чой, қаҳва, мева-сабзавотлар, ёнғоқ ва қуритилган мевалар, консерва маҳсулотлари, кетчуп, майонез, хантал ва бошқа соуслар, қуюлтирилган сут, қўрт, тез тайёрланадиган лапша ва шўрвалар, ичимликлар ҳамда бошқа маҳсулотлар киритилган.
Шунингдек, айрим тамаки маҳсулотлари, жумладан сигареталар ва носвой, оддий гугурт ҳамда канцелярия буюмларини харид қилишга рухсат берилиши кўзда тутилган.
Лойиҳа бўйича жамоатчилик муҳокамаси 3 сентябрга қадар давом этади.
Изоҳ