Ишлаб чиқариш қувватлари кенгайиб, аҳоли эҳтиёжлари ортиб бораётгани сабабли табиий газ ва нефт маҳсулотларига талаб ҳам ўсмоқда. Шу боис масъул тузилмалар олдига зарур ресурслар ҳажмини таъминлаш билан бирга, мавсумий талаб ошишини олдиндан ҳисобга олиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда нефть ва газ қазиб чиқариш, импорт қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ҳамда етказиб бериш бўйича маълумотлар кўриб чиқилди. Ҳудудлар ва тармоқларнинг эҳтиёжини аниқ прогноз қилиш, ички бозорни устувор тарзда таъминлаш ва етказиб бериш графикларига қатъий риоя қилиш зарурлиги таъкидланди.
«Ўзбекнефтегаз» олдига табиий газ қазиб чиқариш суръатларини барқарор сақлаш, амалдаги конлар салоҳиятидан самаралироқ фойдаланиш ҳамда янги қудуқларни ишга туширишни тезлаштириш вазифаси қўйилди.
Фақат август ойининг ўзида 27 та қудуқни ишга тушириш режалаштирилган. «Янги Қултак», «Ниёз», «Қоратоғ», «Марварид» ва «Тегирмон» конларидаги ишлар натижасида қўшимча 887 минг куб метр табиий газ қазиб олиш имконияти яратилади.
Шу билан бирга, қудуқларни бурғилашдан тортиб, уларни газ-транспорт тизимига улашгача бўлган жараён устидан назоратни кучайтириш топширилди.
Ҳудудларга углеводород ресурсларини ўз вақтида етказиб бериш ҳам алоҳида вазифа сифатида белгиланди. Зарур захираларни мавсумий талаб кескин ошишини кутмасдан, олдиндан шакллантириш топширилди.
Йиғилишда нархлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Барқарорликни таъминлаш учун бозорда маҳсулот етарли ҳажмда бўлиши, уни реал талабдан келиб чиқиб биржа савдоларига чиқариш ҳамда ишлаб чиқариш ва логистика харажатларини қисқартириш зарурлиги таъкидланди.
Масъулларга ресурслар етказиб беришни асоссиз чеклаш, сунъий тақчиллик яратиш ва нархларни оширишга қаратилган ҳаракатларга йўл қўймаслик бўйича қатъий топшириқ берилди.
Шунингдек, «Ўзбекнефтегаз»га нефть ва газ қазиб чиқариш бўйича прогноз кўрсаткичларини бажариш вазифаси юклатилди. Суюлтирилган газ ишлаб чиқариш режаси ҳам оширилди.
Йил якунига қадар суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми аввал режалаштирилган 520 минг тонна ўрнига 606 минг тонна бўлиши керак. Шу тариқа мақсадли кўрсаткич 86 минг тоннага оширилмоқда.
Масъул раҳбарларга ички бозордаги вазиятни ҳар куни таҳлил қилиш, аҳоли ва иқтисодиёт эҳтиёжларини кузатиб бориш, таъминотда узилишлар юзага келиши мумкин бўлган хавфларни олдиндан аниқлаш ва тезкор чоралар кўриш топширилди.
Мазкур топшириқлар ёқилғи нархлари сезиларли ошган шароитда берилди. 2026 йил июнь ойида Ўзбекистонда АИ-92 бензинининг биржа нархи 11,2 фоизга ошиб, тоннаси 13,9 миллион сўмга етган.
Расмий статистикага кўра, май ойида бензин нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўртача 12 фоизга, пропан эса 22,1 фоизга қимматлаган.
Ўзбекистон ички ёқилғи бозорининг Россиядаги вазиятга боғлиқлиги аввал ҳам кузатилган. Рақобат қўмитаси маълум қилишича, Россия томонидан экспортга чекловлар жорий этилганидан сўнг импорт қилинадиган АИ-92 ва АИ-95 бензини кескин қимматлаган. Чекловлар бекор қилингач эса, Ўзбекистонда юқори октанли бензин нархи ўртача 500 сўмга пасайган.
Изоҳ