Бундай чора жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 августдан бошлаб қиймати БҲМнинг 1 000 бараваригача бўлган янги электромобиль харид қилишда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Компенсация қўлланиладиган автокредитнинг максимал миқдори 300 млн сўмни ташкил этади.
Давлат кредитлашнинг дастлабки икки йили давомида фоиз ставкасининг бир қисмини қоплайди. Компенсация ставканинг йиллик 16 фоиздан ошган қисми учун назарда тутилган, бироқ унинг миқдори 8 фоизлик пунктдан ошмаслиги керак.
Масалан, агар автокредит йиллик 24 фоиз билан расмийлаштирилган бўлса, давлат 8 фоиз бандини қоплайди. 20% ставкада компенсация 4 фоиз бандни ташкил этади.
Дастур фақат электр энергиясида ишлайдиган ва ички ёнув двигатели билан жиҳозланмаган М1 тоифасидаги янги электромобилларга татбиқ этилади.
Компенсация олиш учун қарз олувчи банк талабларига жавоб бериши, кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги бўлмаслиги ва автокредитни расмийлаштиришда давлат кўмагидан фойдаланиш истагини билдириши керак.
Маблағлар қарз олувчига эмас, балки кредит фоизларининг бир қисмини қоплаш учун бевосита банкка ўтказилади.
Агар қарз олувчи кетма-кет уч ой давомида тўловларни амалга оширмаса, кредитни муддатидан олдин тўласа ёки кредит шартномасини бекор қилса, компенсация тўлови тўхтатилиши мумкин. Компенсацияни расмийлаштиришда нотўғри маълумотларни тақдим этиш ҳам қўллаб-қувватлашни тўхтатиш учун асос бўлади.
2026 йилда дастурни республика бюджетининг қўшимча маблағлари ҳисобидан молиялаштириш таклиф этилмоқда. 2027-2030 йилларда ушбу қўллаб-қувватлаш чорасига бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда ҳар йили давлат бюджетида зарур харажатларни назарда тутиш режалаштирилмоқда.
Ҳозирча ҳужжат жамоатчилик муҳокамаси босқичида турибди, шунинг учун таклиф этилган шартлар якуний қабул қилинишидан олдин ўзгариши мумкин.
Изоҳ