Соғлиқни сақлаш вазирлиги режали гемодиализ олаётган беморларнинг тиббий муассасаларга бориши ва қайтиши учун транспорт харажатларини қоплашнинг янги механизмини жорий этишни таклиф қилмоқда.
Таклифга кўра, беморлар гемодиализ муолажаларига ўзларига қулай бўлган транспорт воситасида — такси, шахсий автомобиль ёки бошқа транспортда — боришлари ва сарфланган харажатларини давлат бюджети ҳисобидан компенсация тариқасида олишлари мумкин бўлади.
Ушбу механизм беморларга вақт ва маблағни тежаш, шунингдек, транспорт воситасини мустақил танлаш имконини беради.
Ташаббусни амалга оширишдан олдин Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўровнома орқали беморларнинг фикр ва таклифларини ўрганмоқчи. Сўровнома 15 августга қадар давом этади.
Сўровнома доирасида беморлар ҳозирда тиббий муассасаларга қайси транспорт воситасида боришларини кўрсатишлари сўралади.
Саволларнинг алоҳида қисми тез тиббий ёрдам автомобилларидан фойдаланишда юзага келадиган муаммоларга бағишланган.
Бундан ташқари, беморлар йўл харажатлари учун пуллик компенсация жорий этилиб, тез тиббий ёрдам автомобилларида ташишдан воз кечишни қўллаб-қувватлайдиларми, деган саволга ҳам жавоб беришлари сўралади.
Бундай ҳолатда бемор ўзига қулай транспорт воситасини, жумладан, такси ёки шахсий автомобилни мустақил танлаши мумкин бўлади.
Изоҳ