• 11 942 сўм
    -47.25
  • 13 743 сўм
    -72.35
  • 147 сўм
    -2.06
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 11 942 сўм
    -47.25
  • 13 743 сўм
    -72.35
  • 147 сўм
    -2.06
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Кеча, 18:16

“Ҳокимлар уйма-уй кириб, “қайнона ролини” бажаришга ўтиб кетибди” — Кушербаев Шаҳрисабз ҳокими ҳақида

Шаҳрисабз тумани ҳокими фуқаронинг уйига кириб, тозалик бўйича танбеҳ берди ва хонадон эгасига жарима солди. Ҳолат кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳокимлик расмий изоҳ берди. Расул Кушербаев эса давлатчиликни бундай шарманда қилмасликни тавсия қилди.

205
0
Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасановнинг бир фуқаро хонадонига кириб, уй-жой тозалиги бўйича танбеҳ бергани акс этган видео кенг муҳокама қилинмоқда. Видеода ҳокимнинг уй эгасига нисбатан жарима қўллаш бўйича масъулларга топшириқ бераётгани ҳам эшитилади.

Кадрларда ҳокимнинг: “Ҳозир жаримани урасиз. Кўча, уйини, яшаш, ахлат — ҳаммаси учун жарима урасиз. Менга бирортасидан “илтимос қилди”, “кечирим сўради” деган гап керак эмас”, деган сўзлари акс этган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқшунос ва собиқ депутат Расул Кушербаев ҳам муносабат билдирди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, фуқаронинг розилигисиз унинг турар жойига кириш қонунга зид ҳисобланади. Кушербаевнинг фикрича, мансабдор шахс томонидан бундай ҳаракатлар содир этилса, улар ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

“Фуқаролар билиб қўйсин: ҳоким ёки бошқа мансабдор шахс эшигингизни тақиллатса, уни уйингизга киритмасликка ҳаққингиз бор. Агар “кираман” ёки “тинтув ўтказаман” деса, “суд санкциясини олиб келинг”, дейишингиз мумкин. Сизнинг хоҳишингизга қарши бировнинг уйига киришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, — деди Кушербаев.

Шунингдек, у фуқаронинг уйини видео тасвирга олиб, уни ижтимоий тармоқларда тарқатиш ҳам қўшимча ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

“Айни пайтда ҳокимларнинг уйма-уй кириб, “қайнона ролини бажариб” қилаётган ҳаракатлари тўлиқ ноқонуний ҳисобланади. Ўзингизни кулгига қўйманглар ва давлатчиликни бундай шарманда қилманглар”, — деди у.

Ҳолат юзасидан Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ҳам расмий муносабат билдирди

Ҳокимлик маълум қилишича, мазкур ҳолат “Долзарб 40 кунлик”тадбирлари доирасида маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари, санитария ҳолатини ўрганиш ҳамда эҳтиёжманд ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиш жараёнида юз берган.

Изоҳда қайд этилишича, туман ҳокими аслида ногиронлиги бўлган кекса фуқаро яшайдиган хонадонга ташриф буюриши керак бўлган. Бироқ маҳалла раиси томонидан хонадонлар янглиш кўрсатилгани сабабли дастлаб бошқа хонадонга кирилган.

Ҳокимликка кўра, хонадонга киришдан олдин уй эгасидан рухсат сўралган. Суҳбат давомида мазкур оила эҳтиёжманд тоифасига кирмаслиги, янги уй қургани маълум бўлган. Шундан сўнг ҳоким хонадоннинг кўча қисмида тозаликни сақлаш ва томорқадан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берган.

Шундан кейин режадаги хонадон — ногиронлиги бўлган фуқаро истиқомат қилаётган уйга ташриф буюрилган. У ерда томорқадан намунавий фойдаланилаётгани, уй ҳашар йўли билан таъмирлангани ҳамда фуқарога давлат томонидан ижтимоий ёрдамлар кўрсатилгани маълум қилинган.

Ҳокимлик, шунингдек, барча хонадонларга фақат фуқароларнинг розилиги билан кирилганини таъкидлади. Расмий баёнотга кўра, муҳокамага сабаб бўлган видеони туман ҳокимлиги матбуот хизмати тасвирга олмаган ва расмий саҳифаларда тарқатмаган. У маҳалла «еттилиги» вакиллари томонидан ички ишчи гуруҳ учун олинган бўлиб, ҳоким аксинча бундай видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирмаслик бўйича кўрсатма берган.

Ҳокимлик юзага келган ҳолат маҳалла раиси томонидан хонадонлар янглиш кўрсатилгани билан боғлиқ эканини, ҳеч қандай фуқарони камситиш ёки унинг шахсий дахлсизлигини бузиш мақсади кўзланмаганини билдириб, ҳолатни бир томонлама талқин қилмасликка чақирди.

205
0

Изоҳ