Сўнгги кунларда айрим ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар, масъул ташкилотлар ва маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари томонидан фуқароларнинг уй-жойларига кириб, ободонлаштириш юзасидан турли талаблар қўйилаётгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Халқ демократик партияси бу каби хатти-ҳаракатлар Конститутсияда белгиланган ҳуқуқ ва кафолатларга мос келмаслигини билдириб, ўз муносабатини эълон қилди.
“Фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати, шахсий ҳаёти ҳамда уй-жой дахлсизлиги каби конститутсиявий ҳуқуқларига рахна солинаётгани, қандайдир талаблар бажарилмаган тақдирда хонадонларга “Уятли хонадон”, маҳаллаларга эса “Шармандали маҳалла” каби тамғалар ўрнатилиши ҳақидаги хабарлар юртдошларимизда эътирозларни келтириб чиқармоқда”, - дейилади партия муносабатида.
Партия таъкидлашича, юртни обод қилиш ҳар бир фуқаронинг ижтимоий масъулияти ҳисобланади. Бироқ бу жараён шахсий намуна, ижтимоий ҳамкорлик, қонунга ҳурмат ва амалий кўмак асосида ташкил этилиши лозим.
Шунингдек, маҳаллалар ва хонадонлар ободлиги йўллар, ичимлик суви, электр ва газ таъминоти, муҳандислик коммуникатсиялари ҳамда чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш каби вазифаларнинг самарали бажарилиши билан ҳам бевосита боғлиқ экани қайд этилди. Бу борада маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа масъул ташкилотлар ўз зиммасига юклатилган қонуний вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариши шартлиги таъкидланди.
ХДП инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, қонунларда назарда тутилмаган маъмурий чораларни қўллашга уриниш демократик ҳуқуқий давлат тамойилларига зид эканини билдирди.
Партия, шунингдек, мутасаддиларни аҳоли билан мулоқотда инсон қадри, қонун устуворлиги, ижтимоий тенглик ва ижтимоий шериклик тамойилларига қатъий амал қилишга ҳамда фуқароларнинг шаъни ва обрўсини камситувчи ноқонуний усуллардан тўлиқ воз кечишга чақирди.
Изоҳ