Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида Темур Малик ва Буюк ипак йўли кўчалари кесишмасида жойлашган йўл ўтказгичнинг қисман қулаши юзасидан кўрилган жиноят иши бўйича суд ҳукми эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йўл ўтказгич 2024 йил август ойида фойдаланишга топширилган бўлиб, 2026 йил 12 март куни унинг бир қисми қулаган эди. Иншоот 100 йилдан ортиқ хизмат қилиш муддатига мўлжалланган темир-бетон конструкциялардан қурилгани айтилганди.
Ҳодисадан сўнг қўзғатилган жиноят иши доирасида олти нафар мансабдор шахс ва пудрат ташкилотлари вакиллари судланди.
Тергов маълумотларига кўра, қурилиш ишларининг 6,177 млрд сўмлик қисми қурилиш меъёрларини бузган ҳолда бажарилган, яна 1,2 млрд сўмлик ишлар эса амалда бажарилмаган бўлса-да, ҳужжатларда бажарилган деб расмийлаштирилган. Шу тариқа давлат бюджетига етказилган умумий зарар 7,377 млрд сўмни ташкил этган.
Айбланувчилар қуйидагилар бўлган:
- Акмал Муродов — «Ўзйўлкўприк кластер» ДУ Тошкент вилояти филиали директорининг ўринбосари;
- Санжар Маннонов — Автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси директорининг ўринбосари ва бош муҳандиси;
- Зафар Шарахмедов — мазкур дирекция техник назорат бўлими бош мутахассиси;
- Абдумутал Исропилов — «Ўзйўлкўприк кластер» филиалининг ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи;
- Нуршод Мавлонов — «Yo‘l loyiha byurosi» МЧЖ бош лойиҳа муҳандиси;
- Обид Адилов — «Grand Nur Yo‘l Qurilish» МЧЖ директори.
Иш материалларига кўра, Тошкент ҳалқа автомобиль йўлини реконструкция қилиш ва янги йўл ўтказгич қурилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 24 мартдаги қарори асосида амалга оширилган. 2024 йилда ушбу объект бўйича умумий қиймати 213 млрд сўмдан ортиқ бўлган пудрат шартномалари тузилган.
Тергов қурилиш жараёнида қурилиш меъёрлари қўпол равишда бузилганини аниқлаган. Жумладан, бажарилган ишлар далолатномаларига қиймати 433 млн сўмлик базальт геотўри ва 766 млн сўмлик қум-шағал аралашмасини ётқизиш ишлари киритилган, аммо амалда бу ишлар бажарилмаган.
Айблов томонининг таъкидлашича, айбланувчилар олдиндан тил бириктириб, бюджет маблағларини ўзлаштирган ва айнан ушбу қонунбузилишлар 2026 йил 12 март куни йўл ўтказгичнинг таянч девори қисман қулашига сабаб бўлган.
Шу билан бирга, олти нафар судланувчидан беш нафари айбини тан олмаган.
Хусусан, Акмал Муродов тергов қурилишдаги камчиликлар билан йўл ўтказгич қулаши ўртасидаги боғлиқликни исботлай олмаганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, аниқланган нуқсонлар кафолат муддатида бартараф этилиши мумкин бўлган камчиликлар бўлиб, иншоотни яроқсиз деб ҳисоблаш учун асос эмас.
Шунингдек, у геотўр ва қум-шағал аралашмасини ётқизиш ишлари дастлабки лойиҳада умуман кўзда тутилмагани, улар фақат 2025 йил июль ойида тузилган қўшимча сметага киритилганини айтган.
Қолган тўрт нафар айбланувчи ҳам шу каби позицияни билдирган. Фақат Абдумутал Исропилов айбини қисман тан олиб, айрим ишлар лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ тасдиқланмасидан аввал бажарилганини тасдиқлаган.
Транспорт прокуратураси топшириғига кўра, объект Республика суд экспертизаси маркази ва соҳавий ташкилотлар мутахассислари томонидан ўрганилган. Экспертиза давомида арматуранинг етарлича маҳкамланмагани, уни ўрнатишда хатоларга йўл қўйилгани, бетон ҳимоя қатлами меъёрдан қалин бўлгани, «совуқ чоклар» мавжудлиги ҳамда бетон қуйиш технологияси бузилгани каби қатор камчиликлар аниқланган.
Экспертлар хулосасига кўра, қурилиш барча талабларга мувофиқ бажарилганида, йўл ўтказгичнинг қулаши олдини олиш мумкин бўлган.
Суд олти нафар айбланувчининг барчасини Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан айбдор деб топди.
Ҳукмга кўра, уларнинг ҳар бирига 116,2 млн сўм (бир нафар судланувчига 112,5 млн сўм) миқдорида жарима тайинланди. Шунингдек, барча маҳкумларга бир йил давомида раҳбарлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш тақиқланди.
Изоҳ