Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Солиқ қўмитаси ходимлари томонидан аниқланишича, бир компания масъуллари 76,2 миллиард сўмлик товарлар гўёки сотилгани ҳақида сохта маълумотлар расмийлаштирган. Улар назорат-касса машиналари орқали сохта савдо чекларини шакллантириб, уларни Telegram орқали ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган 2 475 нафар фуқарога 70–150 минг сўмдан сотган.
Ушбу чеклар асосида Soliq Mobile иловаси орқали 7,5 миллиард сўм кешбэк ҳисобланган бўлиб, шундан 4,1 миллиард сўми тўлаб берилган.
Яна бир ҳолатда эса икки компания масъуллари олдиндан тил бириктириб, 10 миллиард сўмлик сохта харидлар бўйича маълумот расмийлаштирган. Сохта чеклар Telegram орқали ижтимоий ҳимоя реестридаги 1 812 нафар шахсга 100–150 минг сўмдан сотилган.
Бу чеклар орқали 1 миллиард сўм кешбэк ҳисобланиб, унинг 640,8 миллион сўми тўлаб берилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ