• 12 049 сўм
    62.28
  • 13 742 сўм
    50.05
  • 153 сўм
    0.79
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 12 049 сўм
    62.28
  • 13 742 сўм
    50.05
  • 153 сўм
    0.79
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Бугун, 10:25

Россия фитосанитария қоидаларини бузгани учун Ўзбекистоннинг 5 та экспортчиси маҳсулотларини импорт қилишни чеклади

Чекловлар Хоразм, Сурхондарё, Навоий ва Бухоро вилоятларидаги корхоналарга таъсир кўрсатди. Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси уларни текширишни бошлади.

91
0
Иллюстрация

Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати (Россельхознадзор) жорий йил 23 июлдан бошлаб Ўзбекистоннинг фитосанитария талабларини мунтазам бузган 5 та экспортчи корхонаси маҳсулотларини Россияга олиб киришга вақтинчалик чеклов жорий қилди.

Маълум қилинишича, мазкур корхоналарнинг бири Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида, бири Сурхондарё вилоятининг Узун туманида, иккитаси Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида ва яна бири Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида жойлашган.

Ҳозирда ҳар бир корхона бўйича тақдим этилган расмий ҳужжатлар ўрганилмоқда. Текширувлар давомида маҳсулотни етиштириш, сақлаш ва экспортга тайёрлаш жараёнлари ҳамда фитосанитария назорати ва кузатувчанлик тизими баҳоланади.

Шунингдек, Россельхознадзор билан ҳамкорликда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва чекловларни қисқа муддатда бекор қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.

Расмийларга кўра, чекловлар фақат мазкур 5 та экспортчи корхонага нисбатан қўлланилган бўлиб, фитосанитария талабларига тўлиқ риоя қилаётган бошқа маҳаллий экспортчилар фаолияти одатий тартибда давом этмоқда.

Россельхознадзорнинг маълум қилишича, мазкур корхоналар асосан оқ ва гулкарам, пиёз, укроп, петрушка, узум, лавлаги, помидор ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиб келган.

Россия томонининг билдиришича, қарор Ўзбекистондан келтирилаётган маҳсулотларда карантин объектлари тез-тез аниқланаётгани, озиқ-овқат хавфсизлиги ва мамлакат фитосанитария ҳимоясини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

"2026 йил бошидан буён Ўзбекистондан импорт қилинган маҳсулотларда 132 та карантин объекти аниқланган. Улар орасида помидорнинг жигарранг буришиш вируси, жанубий Америка помидор куяси, ғарбий гул трипси ҳамда лавлаги томирларининг некротик сарғайиш вируси бор," - дейилади хабарда.

91
0

Изоҳ