Туризм қўмитаси президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқди. Унда ёзги мавсумда туризм соҳаси объектлари иш графигини ўзгартириш таклиф этилган.
Хусусан, ҳужжатда иссиқ ойларда сайёҳлар учун диққатга сазовор жойларни зиёрат қилишни янада қулайлаштириш мақсадида «сиеста» тизимини жорий этиш кўзда тутилган.
Пилот лойиҳани ҳар йили 1 июндан 31 августгача Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида амалга ошириш режалаштирилган. Янги тартиб меҳмонхоналар, хостеллар, меҳмон уйлари, музейлар, тарихий обидалар, ресторанлар, кафелар, туроператорлар ҳамда бошқа туризм объектларига татбиқ этилиши мумкин.
Таклифга кўра, туристик инфратузилма қуйидаги уч вақт оралиғида ишлайди:
- 07:00–13:00 — эрталабги иш режими;
- 13:00–17:00 — куннинг энг иссиқ пайтида «сиеста» вақти;
- 17:00–23:00 — кечки иш режими.
Кундузги танаффус вақтида ҳам туристик объектлар ташриф буюрувчилар учун қулай шароитларни сақлаб қолиши лозим. Жумладан, кондиционерлар ишлаши, зарур ходимлар навбатчилик қилиши ва меҳмонларга хизмат кўрсатиш давом эттирилиши белгиланган.
Лойиҳада янги иш режимига ўтиш ходимларнинг иш ҳақи камайиши ёки меҳнат шароитлари ёмонлашишига олиб келмаслиги алоҳида қайд этилган.
Шунингдек, кечки туризмни ривожлантириш мақсадида «Тунги музей» ва «Кечки экскурсия» дастурларини йўлга қўйиш, кафе ва ресторанларда ёзги менюларни жорий этиш, шунингдек, кечки вақтда маданий, гастрономик ва кўнгилочар тадбирлар сонини кўпайтириш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, жамоат транспорти ҳаракати, ёритиш тизими ҳамда туристик ҳудудларни ободонлаштириш ишларини ҳам янги иш режимига мослаштириш режалаштирилган.
Туризм қўмитаси 2026 йил 1 ноябрга қадар пилот лойиҳа натижаларини баҳолаб, уни келгусида қўллаш бўйича таклифларни тақдим этиши режалаштирилган.
Изоҳ