Бугун, 16 июль куни соат 14:34 да Тошкент метрополитенининг "Ер усти ҳалқа" йўналишида жойлашган "Турон" метро бекатида том конструкциясининг бир қисми силжиб тушди. Бу ҳақда Тошкент мерополитен ДУК Матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мазкур бекат орқали метро поездлари ҳаракати зудлик билан вақтинча тўхтатилган. Айни пайтда мутахассислар ҳодиса сабабларини техник жиҳатдан ўрганмоқда ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш ишларини олиб бормоқда.
"Ҳодиса оқибатида 2 нафар йўловчи енгил тан жароҳати олган. Уларга воқеа жойининг ўзида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган," - дейилади хабарда.
Шунингдек, йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида "Қипчоқ" ва "Қурувчилар" метро бекатлари ўртасида бепул метробуслар қатнови ташкил этилган.
"Тошкент метрополитени" ДУК юзага келган вақтинчалик ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўради ва йўловчилар хавфсизлиги энг устувор вазифа эканини маълум қилди.
Изоҳ