Ўзбекистон Экологик партияси Тошкентда жамоат транспорти бекатларини янада қулай ва экологик жиҳатдан самарали қилишга қаратилган «Яшил бекат» пилот лойиҳасини амалга оширишни таклиф қилди.
Партияда қайд этилишича, пойтахтда BRT учун ажратилган махсус йўлакларнинг ташкил этилиши жамоат транспортини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Шу билан бирга, экологлар фикрича, бекатлар инфратузилмасини ҳам такомиллаштириш зарур, чунки кучли иссиқ шароитида уларнинг аксарияти йўловчиларни қуёшдан етарлича ҳимоя қила олмаяпти.
Пилот лойиҳа доирасида 10–20 та бекатни кенг соябонлар, иссиқликни қайтарувчи қопламалар, қуёш панеллари, энергия тежовчи LED ёритиш тизимлари, табиий шамоллатиш имконини берувчи очиқ конструкциялар билан жиҳозлаш, шунингдек, қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар экиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, айрим бекатларда велосипедлар учун тўхташ жойлари ва ёмғир сувини йиғиш тизимларини ўрнатиш ҳам режалаштирилган.
Қайд этилишича, лойиҳа Тошкентнинг иқлим хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши, Европа шаҳарларидаги тайёр ечимларни тўлиқ кўчирмаслиги лозим.
Бундай бекатлар жамоат транспортини кутиш учун янада қулай шароит яратиш, ҳаводаги чанг миқдорини камайтириш, кичик яшил ҳудудлар сонини кўпайтириш ва электр энергияси сарфини қисқартириш имконини беради.
Экологик партия мутасадди ташкилотларни янги ва амалдаги бекатларда қулайлик ҳамда сояланиш даражасини баҳолашга, аҳоли фикрини ўрганишга ва замонавий экологик ечимларни жорий этишга чақирди.
Изоҳ