Адлия вазирлигида Фарғона вилоятининг гастрономик мероси саналган "Қўқон патири" географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Қўқон азалдан ҳунармандчилик, савдо ва миллий пазандачилик ривожланган йирик маданий марказлардан бири ҳисобланади. Шу боис, маҳаллий нончилик анъаналари асосида тайёрланадиган Қўқон патири бетакрор таъми, ўзига хос рецепти ва тайёрлаш технологияси билан кенг танилган.
Мазкур нон турининг энг муҳим хусусиятларидан бири — махсус тайёрлаш усули туфайли бир неча ҳафта давомида ўз таъми ва сифатини сақлаб қолишидир.
Мутахассислар қайд этишича, "Қўқон патири"нинг географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши маҳсулот номи ва анъанавий технологиясини ҳуқуқий муҳофаза қилиш, сифат стандартларини мустаҳкамлаш ҳамда Фарғона вилоятининг гастрономик брендини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, географик кўрсаткич — маҳсулотнинг муайян ҳудудга мансублиги ҳамда унинг сифати ва ўзига хос хусусиятлари айнан шу ҳудуднинг табиий ва маданий омиллари билан боғлиқлигини тасдиқловчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади.
Изоҳ