ИИВ вазири ўринбосари Рамазон Ашраповнинг матбуот анжуманида маълум қилишича, йил бошидан буён ички ишлар органларининг 18 нафар ходими хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган, яна 78 нафари турли хавфли вазиятларни бартараф этиш чоғида тан жароҳати олган.
Ҳисобот даврида ИИВ ходимлари томонидан 125 минг оммавий тадбирнинг 70 миллиондан ортиқ иштирокчиси хавфсизлиги таъминланди.
Бундан ташқари, шу вақт ичида мамлакатда 14 342 та олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 309 тага камдир.
Хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар 27,7 фоизга, ёшлар иштирокида 25,7 фоизга, муқаддам судланган шахслар томонидан 6,9 фоизга, ишсиз фуқаролар томонидан 30,8 фоизга камайган.
Ички ишлар органлари ходимлари ташаббуси билан 19 755 та жиноят аниқланиб, ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан 31 фоизга ошган.
Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ҳолатлари бўйича 8 653 та жиноят иши қўзғатилиб, 2 тонна 733 кг тақиқланган моддалар, шу жумладан 52 кг дан ортиқ синтетик гиёҳванд моддалар, шунингдек, 2 миллион 651 минг дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди.
Тезкор бўлинмалар томонидан тергов ва суддан яширинган 5 010 нафар шахс қўлга олинди. Бундан ташқари, 2 633 нафар бедарак йўқолган шахслар топилди ва оилаларига қайтарилди.
ИИВ маълумотларига кўра, олти ой давомида 5 778 та маҳаллада жиноятлар қайд этилмаган, бу уларнинг умумий сонининг 64 фоизини ташкил этади. Яна 2 738 та маҳалла (30,4%) "сариқ," 476 таси (5,3%) "қизил" тоифага киритилган.
Ҳисобот даврида ИИВ тизимига 200 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Ҳудудий ички ишлар органларига келиб тушган 184 393 та мурожаатнинг 146 170 таси ижобий ҳал этилиб, 14 623 таси ҳуқуқий тушунтиришлар бериш орқали тартибга солинди.
Бундан ташқари, вазирлик йил бошидан буён ички ишлар органлари ходимлари томонидан уларга таклиф этилган поралардан 136 маротаба воз кечилгани ва бу ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда хабар берилганини маълум қилди.
Изоҳ