Бухоро вилояти Ғиждувон туман суди Россия Қуролли кучлари сафида Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган Ўзбекистон фуқароси М.М.га нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда суд ҳукмида маълум қилинган.
Суд материалларига кўра, 30 ёшли М.М. 2024 йил январь ойида меҳнат мигранти сифатида Россияга борган. Кейинчалик у бир йиллик шартнома асосида Россия Қуролли кучлари сафига қабул қилиниб, ҳарбий тайёргарликдан ўтган ҳамда Донецк ва Луганск ҳудудларида Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашган.
У 2024 йил август ойида жангларда елкаси ва оёғидан жароҳат олган. Ҳужжатларга кўра, у хизмат давомида тахминан 35 минг АҚШ доллари миқдорида тўлов олган.
Иш материалларида қайд этилишича, у кейинчалик қисқартирилган офицерлик курсини тамомлаб, кичик лейтенант унвонини олган ва Курск вилоятидаги ҳарбий қисмда танкка қарши взвод командири сифатида хизмат қилган. 2026 йил март ойида таътилга чиққач, Ўзбекистонга қайтган.
Судда айбланувчи айбини тўлиқ тан олди. Унинг айтишича, Россия полицияси билан юз берган можародан кейин унга қамоқ ёки урушда қатнашиш ўртасида танлов таклиф қилингани учун шартнома имзолашга мажбур бўлган. Шунингдек, у қилмишидан пушаймонлигини билдириб, жазони енгиллаштиришни сўраган.
Суд Маҳмудовни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланма жангчи сифатида қуролли можароларда иштирок этиш) ва 154¹-моддаси 1-қисми (чет давлат ҳарбий хизматига кириш) билан айбли деб топди.
Ҳукмга кўра, унга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш ҳамда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Жазолар қисман қўшилиб, узил-кесил 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Изоҳ