Ҳукуматнинг «Ҳайвонот дунёсига етказилган зарарларни қоплаш, шунингдек, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 августдан 2028 йил 1 январгача Ўзбекистонда ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни овлаш тақиқланади.
Овлаш тақиқланадиган ҳайвонлар қаторига қор барси, Олд Осиё қоплони, йўл-йўл сиртлон, сайғоқ, Бухоро буғуси, Туркистон силовсини, каракал, фламинго, тувалоқ, қора лайлак, жингалак пеликан, кулранг турна ва бошқа турлар киритилган. Ҳайвонларнинг тўлиқ рўйхати билан алоҳида танишиш мумкин.
Мазкур тақиқ қуйидаги ҳолатларга татбиқ этилмайди:
— фермер хўжаликлари, питомниклар, инкубаторлар, балиқчилик хўжаликлари ва ҳовузларда боқилаётган ёки етиштирилаётган ёввойи ҳайвонларни овлаш;
— илмий ва тиббий мақсадларда ёввойи ҳайвонларни тутиб олиш.
Шунингдек, ёввойи ҳайвонларни тутиш бўйича квоталарни шакллантириш ва тақсимлашда овлаш тақиқланган ноёб ҳамда йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган турлар учун квоталар ажратилишига йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 августдан 2030 йил 1 январгача республиканинг марказий шаҳарлари ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё ва сойлар ҳар йили камида 15 тонна балиқ чавоқлари билан бойитиб борилади. Балиқ турлари рўйхати Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Фанлар академияси томонидан шакллантирилади.
Изоҳ