Ўтган ҳафта кузатилган жуда иссиқ об-ҳаводан сўнг, ушбу иш ҳафтаси давомида Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ҳаво ҳарорати пасаяди.
Республиканинг катта қисмида кундузги ҳаво ҳарорати 30–35 даража, жанубий ҳудудларда эса 37 даражагача бўлиши кутилмоқда.
Бугун кундузи Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ёғингарчилик кузатилмайди. Фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
30 июнь куни Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг айрим ҳудудларида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир кутилмоқда. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик бўлмайди.
1 июль куни мамлакатнинг шимоли-ғарбий ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, айрим жойларда момақалдироқ кузатилиши мумкин.
2 июль куни марказий вилоятларнинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида, 3 июль куни эса Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ва чўл ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши эҳтимоли бор.
Шамол тезлиги 7–12 м/с ни ташкил этади, айрим жойларда 13–18 м/с гача кучаяди. Республика шимоли, жануби ва чўл ҳудудларида 29–30 июнь кунлари шамол тезлиги баъзан 20–22 м/с гача етиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши кутилмоқда. Айрим жойларда сел ва сув тошқини хавфи ҳам мавжуд.
Тошкент шаҳрида бугун куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 32–34 даража атрофида бўлади.
30 июнь куни ҳам вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин. Кундузи ҳаво 30–32 даража илиқ бўлади.
1–3 июль кунлари асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланади. Фақат 2 июль куни қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши эҳтимоли мавжуд. Кундузи ҳаво ҳарорати 31–34 даража атрофида бўлади. Кечалари ҳаво 20–23 даража илиқ бўлади.
29–30 июнь ҳамда 2 июль кунлари шамол тезлиги вақти-вақти билан 12–15 м/с гача кучайиши, шаҳарнинг айрим ҳудудларида чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
Изоҳ