• 12 009 сўм
    -51.57
  • 13 688 сўм
    -66.01
  • 154 сўм
    -1.25
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 12 009 сўм
    -51.57
  • 13 688 сўм
    -66.01
  • 154 сўм
    -1.25
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Бугун, 13:26

Рақобат қўмитаси VFS Global ва Vizametric'ни виза хизматлари бозорида устун мавқега эга деб топди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хорижга чиқиш учун виза расмийлаштириш хизматлари бозорини таҳлил қилди. Таҳлил якунларига кўра, бир қатор компанияларнинг бозордаги мақоми белгиланди.

99
0
Ойбек Ходжаев

Хусусан, «VFS Global Services UBKN» МЧЖ Австрия, Венгрия, Люксембург, Нидерландия, Дания, Бельгия, Болгария, Хорватия, Чехия, Эстония, Финляндия, Греция, Ирландия, Латвия, Литва, Буюк Британия, Швейцария, Янги Зеландия, Исроил ва Мальта визаларини расмийлаштириш бўйича виза хизматлари бозорида устун мавқега эга деб эътироф этилди.

Шунингдек, «Vizametric» МЧЖ АҚШ визаларини расмийлаштириш хизматлари бозорида устун мавқега эга деб топилди.

«TLS Contact» МЧЖ эса Германия ва Франция визаларини расмийлаштириш хизматлари бозорида устун музокара кучи эгаси сифатида тан олинди.

Қўмита маълумотига кўра, устун мавқе хўжалик юритувчи субъектнинг рақобатчиларидан мустақил равишда ҳаракат қилиши, бозордаги рақобат ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиши, бошқа иштирокчиларнинг бозорга киришини қийинлаштириши ёки уларнинг иқтисодий фаолиятини чеклаш имкониятини англатади.

Устун музокара кучи эса субъект бозорда устун мавқега эга бўлмаган тақдирда ҳам битим шартлари, товар ёки хизматларни сотиш ҳудуди ёхуд нархларга бир томонлама таъсир кўрсата олишини англатади.

Қўмитада эслатилишича, устун мавқе ёки устун музокара кучини суиистеъмол қилиш рақобатнинг чекланишига ёки истеъмолчилар ҳамда бозорнинг бошқа иштирокчилари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг бузилишига олиб келадиган ҳаракатлар сифатида баҳоланади.

Аввалроқ Франция элчихонаси фуқароларни виза расмийлаштиришда фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақириб, норасмий тўловларни амалга оширмасликни тавсия этган эди. Шунингдек, 1 июлдан бошлаб TLScontact Францияга қисқа муддатли туристик визаларни расмийлаштириш учун янги навбатга ёзиш тизимига ўтган.

99
0

Изоҳ